ЎзА Ўзбек

31.01.2019 08:30:52 Чоп этиш версияси

Мактабларимиз халқаро баҳолаш рейтингларида иштирок этишга тайёрми?

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2018 йил июль ойида илк маротаба Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари рейтинги аниқланган эди.

Ушбу рейтинг натижаларининг эълон қилиниши олий таълим муассасалари фаолиятини янада самарали иш олиб боришига асос бўлди. Бугунги кунда ушбу жараённи мантиқий давоми сифатида рейтинг тизимини умумтаълим мактабларда ҳам ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунга асосан, 2018 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг «Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қўшма қарори имзоланди.

Мазкур қўшма қарор ижроси юзасидан, 30 январь Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан “Умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлашни самарали ташкил этиш ҳамда PISA халқаро тадқиқотларида Ўзбекистон Республикасининг иштирок этишига тайёргарлик кўриш” мавзусида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳамкорликда ўтказилган видеоселектор йиғилиши Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев ва Халқ таълими вазирининг ўринбосари А.Умаров бошчилигида ташкил этилди. Унда ҳудудий студияларда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқарма бошлиқлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари, таълим сифати мониторинги хизмати ходимлари, халқaро тадқиқотларни амалга оширишга масъул бўлган ходимлар ҳамда мазкур тадқиқотларни амалга оширишга йўналтирилган таянч мактабларининг раҳбарлари иштирок этишди.

Видеоселекторда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Тошкенбоев мамлакатимиздаги умутаълим муассасалари халқаро тадқиқотларда иштирок этишга бугунги кунда тайёр эмаслигини таъкидлаб, бугундан бошлаб тайёргарлик жараёнларини тизимли равишда ташкил этиш ва бу борада барча имкониятларни бирлаштириб, ҳамкорлик ишларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Дунё тажрибасидан маълумки, таълимнинг сифатини баҳоловчи энг муҳим индикатор бу ўқувчиларнинг билим ва ўзлаштириш даражаси ҳисобланади. Ҳозирда Давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан имзоланган қўшма қарор асосида “Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари” тасдиқланиб, ушбу ҳужжатга мувофиқ умумтаълим мактабларининг фаолиятини баҳолаш қуйидаги 4 та кўрсаткич бўйича амалга оширилишини билдирди:

1.Битирувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик
даражаси ва сифат кўрсаткичи

2. 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси кўрсаткичи.

3. Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши.

4. Ижтимоий сўров натижалари.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча туманлар ва шаҳарлардан ўртача 10 фоиз мактаблар танланади (ўртача 1000 та мактаб).Танланган ҳар бир мактабнинг 1 тадан 9-синфида назорат ва сўровнома ишлари ўтказилса, ўртача битта синфда 30 нафар ўқувчи деб ҳисобланса, жами 30000 нафар ўқувчи қатнашади.

Жорий йилда рейтингга жалб қилинадиган умумтаълим муассасалари рўйхатини умумий сонига нисбатан 10 фоиз миқдорда туманлар ва шаҳарлар халқ таълими бўлимлари томонидан тузилади.

Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартига мувофиқ, умумтаълим фанларини ўрганишнинг А2 таянч даражасида белгиланган талаб бўйича 9-синф ўқувчилари учун рейтинг ўтказишда “Она тили” фанидан 125-140 сўздан иборат диктант ва “Математика” фанидан 4 та мисол ва 1 та масаладан иборат ёзма иш белгиланди.

Ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби Давлат инспекцияси ходимлари билан бирга Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мониторинг бўлими ходимларидан иборат бўлади.

Шунингдек, ўқувчилар томонидан ёзилган диктантларни текшириш учун ишчи гуруҳлар таркибига мутахассис-экспертлар жалб қилиниши ва тест шаклида ўтказиладиган ёзма ишлар Давлат инспекциясида махсус компьютер дастури орқали текширилади.

Рейтингда умумтаълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг билим даражаси PISA ва TIMSS халқаро баҳолаш дастури талабларига яқинлаштирилган саволлар асосида баҳоланади.

Умумтаълим муассасасида ўтказиладиган ижтимоий сўровлар назорат ишлари бошланишидан олдин ташкил этилади ва қуйидаги икки усулда амалга оширилади: биринчи усул, битирувчи синфлар ўқувчилари билан педагог ва раҳбар ходимлар фаолияти тўғрисида ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда таълим муассасасидаги ижтимоий-маънавий муҳит ва ўқитувчиларнинг дарс бериш махорати ҳақида ўқувчилар фикри ўрганилади. Иккинчи усул, педагогик жамоа билан TALIS - таълим бериш ва ўқитиш тизимининг халқаро тадқиқотига асосланган ижтимоий сўров ўтказилади. Бунда мактабларда ўқитувчилар учун яратилган шароитлар ва у ердаги ўқув муҳитининг аҳволи ҳақида ўқитувчилар фикри ўрганилади.

Йиғилишда 2021 йилда 9-синф ўқувчилари PISA, бошланғич синф ўқувчилари PIRLS халқаро тадқиқотлврида иштирок этиши белгиланганлиги таъкидланиб, унга муносиб тайёргарлик кўриш бўйича ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги 
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси 
Матбуот хизмати