Мактабларда ўқувчилар сонини оптималлаштириш вақти келди
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгашида “Сайлов – илғор демократик ғоялар ифодаси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгашида “Сайлов – илғор демократик ғоялар ифодаси” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда депутатлар, журналистлар, блогерлар, партия фаоллари иштирок этди.
Учрашувда дастурнинг таълим, тиббиёт, суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши кенг муҳокама этилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди. Хусусан, соҳада аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётган омиллар танқидий ўрганилди. Мақсад мавжуд камчиликларни аниқлаш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, камчиликларни янги қонунлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишдир.
– Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида давлат-хусусий шериклик муносабатларини кенгайтириш зарур, – деди Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий кенгаши Мафкура бўлими бошлиғи Фазлиддин Зияев. – Бунда асосий эътиборни барча муассасаларда “ақлли тиббиёт” – электрон тиббиёт тизими асосида ишлашга ўтказиш таклиф этилмоқда. Шундан келиб чиқиб, партия давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доираси белгиланиб, пуллик ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилишига эришиш зарур. Бу тизим шаффофлашуви унда коррупцаген ҳолатлар камайишига туртки бўлади.
Таъкидланишича, аҳоли саломатлигини таъминлаш ва унинг умр давомийлигини оширишда соғлом турмуш тарзи тарғиботи, профилактика ва тиббий маданиятни юксалтириш, тўғри овқатланиш бўйича, айниқса, ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш рационига оид амалдаги меъёрларни халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш масаласига партия ўз позициясини билдириши, депутатлар бу борада назорат-тафтиш ишларини олиб бориши кераклиги эътироф этилди.
– Партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси билан танишиб чиқдим, – деди “Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири ўринбосари Нуриддин Убайдуллаев. – Унда умумтаълим мактаблари, коллеж, лицейларнинг ўқув режаларида тарих, ўзбек адабиёти, она тили фанларидан дарс соатларини кўпайтириш масаласи кўтарилган. Бундан ташқари, халқ таълими муассасаларида ўқув режаларини қайта кўриб чиқиш ва айрим фанлар дарс соатларини қисқартириш, айримларини ўқув режасидан чиқариш таклифи илгари сурилмоқда. Умумтаълим мактабларида ҳам махсус фанларни чуқурлаштириб ўтиладиган синфлар очилишини ташкил этиш масаласини тезроқ амалиётга татбиқ этиш жоиз. Шунингдек, мактабларда ўқувчилар сонини оптималлаштириш вақти келди. Бу айниқса, бошланғич синфларда жуда муҳим. Партия илгари сураётган умумтаълим мактабларида тиббий хизмат сифатини янада ошириш таклифига ҳам қўшиламан.
Учрашувларда билдирилган фикрлар асосида партиянинг мамлакат келажагига дахлдор сайловолди дастурини янада такомиллаштириши, унда декларатив мазмундаги жумлалардан бутунлай воз кечиб, содда, тушунарли халқона тарзда шакллантириш учун ҳужжатнинг айрим бандларини таҳрир қилиш лозимлиги асослаб берилди. Якунда хулосалар умумлаштирилиб, партия сайловолди дастурида акс эттирилиши белгиланди.