ЎзА Ўзбек

25.05.2020 Чоп этиш версияси

Мактабларда 2019-2020 ўқув йили расман якунланди. Натижа қандай?

Мактабларда 2019-2020 ўқув йили расман якунланди. Натижа қандай?

Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим муассасаларида 2019-2020 ўқув йили расман якунланди. Бу йил 9942 умумтаълим мактабида 6,12 миллион ўқувчи таҳсил олди.

Юртимиздаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли ўқув йилининг тўртинчи чораги масофадан ўтилди. Бунинг учун телеканалларда видеодарслар ташкил этилди. Унда 200 дан ортиқ педагог Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда 3900 дан зиёд дарсни ўқувчилар ва ота-оналар эътиборига етказди. Ўқувчиларга билим бериш учун ташкил этилган бу жараённи ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар алоҳида эътироф этди.

Мазкур жараён аввалида камчиликлар ҳам учради. Улар ўз вақтида такомиллаштириб борилди. Ёзда телеканаллар орқали ўқувчиларга инглиз тили ва замонавий касб ҳамда кўникмалар бўйича билим берадиган дарсларни намойиш этиш режалаштирилган.

Халқ таълими вазирлиги ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда босқичли назорат ва якуний давлат имтиҳонларини ўтказмаслик бўйича қарор қабул қилди. Мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида жорий ўқув йили 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилди. Шу билан биргаликда kundalik.com тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларни рағбатлантириш мақсадида 4-чоракдаги ижобий кўрсаткичларни йиллик баҳоларни ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилди.

Жорий ўқув йили натижаларига кўра 9-синфни жами 490 мингга яқин ва 11-синфни 451,3 мингдан зиёд ўқувчи битирди. 9-синф битирувчиларининг бир қисми 2020-2021 йилдан қайта ташкил этилаётган ўрта махсус таълим муассасаларида, 11-синф битирувчилари эса олий ўқув юртида таҳсил олишни давом эттиради. 11-синф битирувчиларининг бир қисми (олий таълим муассасаларига қамраб олинмаган) ўзларининг меҳнат фаолиятини бошлайди.

Битирувчилар 15 июнга қадар чоп этилган шаҳодатномаларнинг электрон шаклини олади.

2019 йилнинг февраль ойида Вазирлар Маҳкамаси “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида” низомни тасдиқлаган эди. Низомга кўра, олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфлари ҳамда академик лицейда барча фанлар бўйича якуний назорат, чорак, йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқли, шунингдек, жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилиши белгиланган.

Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейда барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали ҳулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Жами 6901 ўқувчи олтин ва кумуш медаль совриндорлигига даъвогар бўлмоқда. Улардан 4682 нафари олтин ва 2219 нафари эса кумуш медаль соҳиби бўлиши кутилмоқда.

Тайёрланган шаҳодатномалар, олтин ва кумуш медаллар эпидемиологик вазият яхшиланиб, ўқувчиларга топширилгунга қадар барча хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда умумий ўрта таълим муассасасида сақлаб турилади. Карантин чекловлари олиб ташланганидан сўнг бу медаллар ўз эгаларига топширилади.

2 321
ЎзА