ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Мактаблар рейтинги натижалари нотўғри талқин этилмоқда

Мактаблар рейтинги натижалари нотўғри талқин этилмоқда

Таълим инспекцияси ахбороти

Жорий йилда илк маротаба республикамиздаги умумий ўрта таълим мактаблари рейтинги эълон қилинди. 

Рейтинг натижалари оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиб ота-оналар, соҳа мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди. 

Рейтингни аниқлаш учун халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган тажрибали мутахассислар ва халқаро экспертлар жалб қилиниб, 4 та устувор индикатор белгилаб олинди. 

Шу асосда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги ўртасида қўшма қарор имзоланди. Мазкур миллий рейтинг фарзандларимизга берилаётган билимни шаффоф баҳолаш, ҳудудлар кесимида таълим муассасаларни муаммоларни аниқлаш ва ечиш ҳамда Ўзбекистон мактабларининг келгусида иштирок этиши режалаштирилган халқаро рейтингларга муносиб тайёрлаб бориш мақсадида ўтказилди. 

Мамлакатимиз 2021 йилда илк маротаба PISA (15-16 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур) ва PIRLS (бошланғич синф ўқувчиларининг матнни ўқиш даражаси ва сифатини баҳолаш) халқаро тадқиқотларида иштирок этади. 

Ушбу халқаро тадқиқотларда 90 га яқин давлатлар қатнашади. Мазкур рейтинг натижаларидан келиб чиқиб юртимизнинг келгуси ривожланишига баҳо берилади, узоқ муддатга хорижий инвестиция киритадиган йирик корхоналар томонидан ушбу рейтинг натижалари инобатга олинишидан ҳам ушбу жараён ривожланиб бораётган мамлакатимиз учун қай даражада муҳим эканлигини ҳис қилиш мумкин.
Жараёнга тайёргарлик кўриш, республикамиз мактабларидаги ҳолатни ўрганиш, қайси ҳудудда таълим тизими яхши ривожланган, қайси бирида муаммолар мавжуд, эртага ёшларимизни сифатли билимга эга бўлиши ҳамда ушбу олган билимини ҳаётга татбиқ қила олишларини ўрганиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги тавсиясига кўра 956 (умумий мактабларнинг 10%и) мактаблар ўртасида рейтинг ўтказилди. 

Шу кунга қадар олинган натижалар мутахассис ва олимлар томонидан таҳлил қилиниб, мактабларда ёшларимизни билимини талаб даражасига кўтариш учун нима қилиш керак, нимани устида ишлашимиз керак деган саволга жавоб изланмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат, рейтинг натижалари эълон қилингандан сўнг натижалар нисбатан паст мактабларга маҳаллий ҳокимликлар томонидан эътибор қаратилди. 

Мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ҳудудда таълим сифатини оширишга бўйича тезкор чоралари кўрилиш бошланди. Қувонарлиси, паст натижа кўрсатган муассасалар томонидан оқсаётган кўрсаткичларини яхшилаш бўйича ишлай бошлашди. Бу йилги рейтингда иштирок этмаган муассасалар ҳам келгусида яхши натижа кўрсатиш учун таълим сифатига алоҳида эътибор қарата бошлашди.

Жорий йилнинг 23 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида халқ таълимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузни ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишда мамлакатимиз 2030 йилга бориб ўқувчилар билими баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиш қўйилгани алоҳида таъкидланди.

Шу ўринда ўтган йил Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Таълим инспекцияси қошида Таълим сифатини баҳолашда халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш миллий марказини ташкил этилганлигини айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ. 

Бугунги кунда тажрибали олим ва мутахассислар томонидан Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS халқаро тадқиқотларга катта тайёргарликни бошланди. Республикамизнинг барча ҳудудларида семинарлар ташкил этилди, халқаро тажрибага суянган ҳолда амалий кўникма ва мантиқий фикрлашни ривожлантириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Бироқ айрим ҳолатларда мазкур мактаблар рейтинг тадқиқотларини турли хил ва умуман нотўғри талқин қилиш ҳолатлари учрамоқда. Хусусан, 2019 йил 20 сентябрь куни “Oʻzbekiston” телеканалининг “Муносабат” кўрсатуви орқали Мактабларда ўтказилган рейтинг масалалари муҳокамасига бағишланган кўрсатув бўлиб ўтди. Кўрсатувда соҳа бўйича тегишли ташкилотлардан мутасаддилар иштирок этишди. Аммо кўрсатув давомида айрим ташкилот вакиллари томонидан фикрларнинг субъектив ифодаланишига гувоҳ бўлдик. Хусусан, Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан Президент фармони ижроси юзасидан жорий йилда ташкил этилган мактаб рейтингларининг “камчиликлари кўп ва натижадорлиги яхши эмас”, дейилди. 

Ваҳоланки, мактаблар рейтингини тузиш билан боғлиқ барча жараёнлар бошидан-охиригача Таълим инспекцияси ва Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда ташкил қилинган. 

Вазирлик мутасаддиси ўзининг бу фикри билан Президент топшириғи бўйича бажарилган ишга ўзининг мутлақо эътиборсизлигини кўрсатди. Энг муҳими, бугунги кунда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таълим сифатини оширишда ва 2021 йилда бўлиб ўтадиган PISA ва PIRLS халқаро тадқиқотларида иштирок этишда Халқ таълими вазирлигига кўмаклашиб, доимо ҳамкорликда ишлашни мақсад қилган.

Вазирлик вакилининг юқоридаги гапларининг давоми сифатида кўрсатувдаги бошқа иштирокчилар томонидан "мактабларда сифат йўқ, сифат йўқ бўлса, рейтинг кимга керак", деган фикрлар ҳам билдирилди. 

Шу ўринда кўрсатувларга таклиф этилаётган мутасаддиларнинг фикрлари доимо ҳам тўғри эмаслигини, улар фикр бераётганларида Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини тўлиқ англаб етишлари мақсадга мувофиқ. 

Модомики, кўрсатувда айтилганидек, мактабларда сифат йўқ бўлса, Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳеч қандай натижага эга эмас, деган хулоса пайдо бўлиши керак ёки вазирлик мутасаддиси томонидан мактаб рейтингларини “камчилиги кўп ва натижадорлиги яхши эмас”, дея нотўғри талқин қилинганлиги ҳам, ушбу рейтингни амалга оширувчи ҳамкор ташкилот раҳбарияти сифатида унинг ўз тизимида қилаётган ишларини муваффақиятсиз амалга оширилаётганлигидан далолат беради.

Бевосита ойнаи жаҳон орқали кўплаб инсонлар томоша қилган ушбу кўрсатувда билдирилган айрим фикрлар кенг жамоатчилик ўртасида нотўғри қарашларини келтириб чиқариши мумкин. 

Бугунги кунда стратегик мақсадларга эришиш, янги марраларни забт этиш, ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиш учун мамлакатда билимли, тажрибали ва замонавий фикрлайдиган юксак савияли кадрлар, мутахассисларнинг ўрни беқиёс. 

Бу эҳтиёж осонлик билан ўз-ўзидан қондирилмайди. Бунинг замирида инсон капитали, унинг салоҳиятини кашф этиш ва уни маълум мақсадларга эришиш йўлида сафарбар қилиш каби улуғвор вазифалар туради. Мазкур ҳолатларни чуқур англаш ва шу асосда иш фаолиятини ташкил этиш давлат ташкилотида ишлаётган ҳар бир фуқаронинг масъулиятли вазифасидир.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мазкур масала юзасидан аниқлик киритади:

Мактаб рейтинги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Фармони ижросини таъминлаш мақсадида аниқланди. 

Юртимизда мактаблар сони 10 мингтага яқинлиги сабабли, Халқ таълими вазирлиги томонидан тавсия этилган 956 (умумий мактабларнинг 10%и) мактабларида 2019 йил 8-19 апрель кунлари назорат ишлари ва ижтимоий сўровномалар ўтказилди. 

Назорат ишлари ва ижтимоий сўровномаларни тўлиқ шаффоф ва сифатли ўтишини таъминлаш учун жами 57 та ишчи гуруҳ тузилиб, унинг таркибида 200 нафардан ортиқ мутахассислар фаолият олиб борди. 

Рейтинг натижалари reyting.tdi.uz сайтида муассасалар кесимида ҳар бир индикатор бўйича аниқ баллар билан эълон қилинди. Бунда ҳудудлар кесимида ҳам қайси мактаблар нечанчи ўринда эканлигини кўриш мумкин. Албатта мактабларни баҳолаш учун кўплаб сифат индикаторларни ишлатиш мумкин. 

Аммо уларни шаффофлиги ва аниқлигига бориб ўрганилгандан кейин кафолат бериш мумкин. Тошкент шаҳри бўйича ҳам 10% мактаблар танланган бўлиб, Президент мактабига танловда энг кўп ўқувчи қабул қилинган Сергели туманидаги 300-сонли умумтаълим мактаби рейтингда Тошкент шаҳри бўйича 3-ўринни эгаллаган.

Рейтинг натижаларини таҳлил қилиш асосида соғлом рақобат муҳитни шакллантириш, мактабларда таълим сифатини кўтариш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича барча имкониятлар ишга солинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

6 634
ЎзА