ЎзА Ўзбек

23.08.2018 12:38 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим — узлуксиз таълимнинг пойдевори

Мактабгача таълим — узлуксиз таълимнинг пойдевори

Беш ёшли Алижон Сафаровни ота-онаси аввалига мактабгача таълим муассасасига беришга бироз чўчиди. Унинг оғир табиати, тенгдошларидек “ерга урса кўкка сакрайди”ган феъл-атвори йўқлиги боис қийналиб қолмасмикин деган хавотир бор эди.

Аммо орадан бир йил ўтиб улар қўрқуви, ўйлари хато эканини англади. Чунки Алижон тенгдошларига нисбатан кенгроқ фикрлайдиган, бурро-бурро сўзлайдиган бўлди. Талаффузидаги нуқсонлар ҳам камайди. Бу мактабгача таълим муассасасининг салоҳиятли педагогларининг саъй-ҳаракатлари натижаси эди.

Мактабгача таълим муассасаси чинакам тарбия маскани, фарзандларимиз келажаги учун ҳар томонлама ишончли даргоҳдир. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори замонавий тарбия муассасаларига болаларни тўлиқ қамраб олиш, уларни интеллектуал ва жисмоний жиҳатдан баркамол қилиб вояга етказишда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Бу Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги 6-Мактабгача таълим муассасаси фаолиятида ҳам яққол сезилмоқда.

Илмий кузатиш ва тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, инсон ўз ҳаёти давомида оладиган барча маълумотнинг етмиш фоизини беш ёшгача бўлган даврда олар экан. Дарҳақиқат, бу даврда бола дунёни англайди, ўз она тилини ўзлаштиради, ота-она, оила, маҳалла, Ватанга меҳри уйғонади, умр давомида оладиган билимларга замин ҳозирлайди. Бунда, энг аввало, оила асосий роль ўйнаса, мактабгача таълим муассасасининг ҳиссаси ҳам бу борада кам эмас. Шу боис мамлакатимизда айнан мактабгача таълимга узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлаги сифатида эътибор берилади.

Мактабгача таълим муассасалари мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, у билан ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, Конституцияни ўргатиш, дунёқарашини кенгайтириш имконини бериш баробарида, ёш болали оналарнинг меҳнат қилишга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилаётир.

– Авваллари оналар ишласа ҳам фарзандини қўни-қўшнига қолдириб кетишни афзал биларди, – дейди мазкур муассаса тарбиячиси Моҳира Маллаева. – Бунинг сабаблари моддий таъминот, муассасадаги аҳволнинг қувонарли эмаслиги билан боғлиқ эди. Эндиликда соҳадаги ислоҳотлар ота-оналарда ҳам ишончни оширди. Улар мазкур муассаса боласи келажакда илк ҳаётий, мустаҳкам билимларни олиши мумкин бўлган масканга айланаётганини англамоқда.

Мактабгача таълим муассасалари тармоғини ҳозирги замон талаблари ва стандартлари асосида ривожлантириш, уларни реконструкция ва модернизация қилишга қаратилаётган эътибор замирида келажагимиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари ҳамда буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб вояга етишларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.

Бу жараёнда кадрлар масаласи ҳам муҳим вазифалардан.

– Тизимдаги ислоҳотлар самарасини соҳага татбиқ эта оладиган кадрлар, педагог ходимлар маҳоратини илғор усуллар орқали мунтазам ошириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Ирода Турдимуродова. – Улар учун семинар-тренинглар, қўшимча машғулотлар, малака ошириш курслари ҳам ташкил этилмоқда. Бундан ташқари ўрта махсус маълумотли тарбиячилар олий ўқув юртлари қошидаги сиртқи бўлимларда ўқишга жалб этилди. Ҳозирда олдимизда турган муҳим вазифа ахборот-коммуникация технологияларини таълим-тарбия жараёнига кенг татбиқ этишдир. Шунинг учун тарбиячи мутахассисларимизнинг бу борадаги билимларини мустаҳкамлаш йўлида ҳаракат қиляпмиз.

Бир юз эллик нафарга яқин бола тарбия олаётган мазкур масканда тизимли дастур асосида болаларни интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш мақсадида амалий ишлар қилинмоқда. Болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом овқатланиши, сифатли таълим-тарбия олишини таъминлаш жараёнлари очиқ-ошкора ташкил этилмоқда. Бунда ота-оналар фарзанди тарбия олаётган муҳит билан истаган вақтида танишиши, машғулотларни ихтиёрий кузатиши мумкин. 

Бу каби амалий саъй-ҳаракатлар узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланган муассаса фаолиятини янада такомиллаштиради ва ҳар томонлама соғлом, баркамол бола шахсини тарбиялаш, мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА
4 585