Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

01.09.2018 12:55 Чоп этиш версияси

Мактабгача таълим муассасаси замонавий қиёфада

Мактабгача таълим муассасаси замонавий қиёфада
Навоий вилояти Кармана туманидаги “Азамат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Кўзмунчоқ” мактабгача таълим муассасаси капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Унинг очилиш маросимида Навоий вилояти ҳокими ўринбосари Ф. Солиев ва туман ҳокими Ф. Умаров сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрда эълон қилинган “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида МТМлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги боғча бинолари қуриш борасида вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлашди. 

– 4 йилдан буён ишламаётган боғча қайта таъмирланиб, ишга туширилгани қишлоқ аҳолисини беҳад мамнун этди, – дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири Н. Холиқова. – Тарбия масканининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хоналарни зарур мебель, ўқув-услубий, кўргазмали воситалар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Машғулотлар 5 сентябрдан бошланади. Болаларга мантиқ, ментал арифметика, инглиз тили, амалий ва тасвирий санъат турлари интерфаол усуллар орқали ўргатилади. 

100 нафар тарбияланувчини ўз бағрига оладиган масканда дам олиш ва машғулотлар хоналари, ёзги ҳовли ландшафтининг янги кўриниши маҳалла аҳлига манзур бўлди. Болаларга қадимий ва бой тарихимиз, миллий урф-одат ва қадриятларимизни ҳамда табиат манзаралари бурчаклари ҳамда кутубхона ҳам ташкил этилган.

Мазкур объект маҳаллий бюджетдан ажратилган 578 миллион сўм эвазига бунёд этилди. 

Нуриддин Раҳимов, ЎзА