Мактабгача таълим бўйича янги қонун маъқулланди
Айни пайтда давом этаётган ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги янги қонун кўриб чиқилди.
Айни пайтда давом этаётган ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги янги қонун кўриб чиқилди.
Қонунда “алоҳида таълим олиш эҳтиёжлари бўлган болалар”, “инклюзив таълим ва тарбия”, “давлат мактабгача таълим ташкилоти”, “нодавлат мактабгача таълим ташкилоти”, “педагогнинг касбий стандарти” ва шу каби қатор тушунчалар киритилган ва мазмуни очиб берилган.
Мактабгача таълим ва тарбиянинг асосий тамойиллари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва кафолатлари қонундан ўрин олган.
Мажлис иштирокчилари қайд этганларидек, қонуннинг маъқулланиши мактабгача таълим соҳасининг замон талаби даражасида ривожланишига хизмат қилади.
Маълумотларга кўра, мактабгача ёшдаги болаларни боғчага қамраб олиш жорий йилнинг биринчи ярмида 40,5 фоизни ташкил қилди. Мактабгача таълим муассасалари сони эса, 4 минг 940 тадан 9 минг 774 га ёки қарийб икки баробар кўпайди.
Давлат мактабгача таълим муассасалари билан бир қаторда, давлат шериклик асосидаги ва хусусий мактабгача таълим муассасалари сони ҳам ортиб бормоқда. Бу эса соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришни тақозо этади.
Шу маънода қонун мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишининг асосий принципларини, мактабгача таълимнинг давлат кафолатларини мустаҳкамлади.
Барча мактабгача таълим ташкилоти учун давлат мактабгача таълим стандартларининг мажбурийлиги белгилаб қўйилаётгани болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олишларининг кафолатини таъминлайди.
Мажлисда сенаторлар томонидан болаларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш, ўз вақтида таълим жараёнига жалб қилиш, дам олиши ва овқатланишини тўғри ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.