Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.08.2018 16:29 Чоп этиш версияси

Мактаб ярмаркалари гавжум

Мактаб ярмаркалари гавжум
– Набирам Райҳона бу йил иккинчи синфга боради, – дейди қаршилик Ҳурматой Сафарова. – Бобоси иккимиз унга ўқув қуроллари олиш учун мактаб ярмаркасига келган эдик. Шароитлар зўр экан. Муҳими, нархидан ҳам хурсандмиз. Бу каби мактаб бозорчалари алоҳида-алоҳида мўлжалланган жойларда ташкил этилгани биз, харидорларга анча қулайлик яратмоқда.

Янги ўқув йили арафасида жойлардаги таълим муассасалари, бозор ва савдо мажмуаларида ташкил этилган мактаб ярмаркалари ҳар қачонгидан гавжум. Уларда ўқув қуроллари, мактаб ва спорт либослари, пойабзал савдосигача йўлга қўйилган. Бундай ярмаркалар аҳоли гавжум жойлардан ташқари, чекка-чекка қишлоқларда ҳам ташкил этилмоқда ва маҳсулотлар одамларга қулай нархларда сотилмоқда. 

4 (1).jpg

– Мактаб бозорларида 26 турдаги ўқув анжомлари савдоси йўлга қўйилди, – дейди Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуд Панжиев. – Савдо ярмаркасидаги барча ўқув қуролларининг сифати, дизайни ўқувчилар диди ва дунёқарашига мослиги, танлаш имконияти кенглиги билан аҳамиятли. Маҳсулотлар соҳага алоқадор мутасадди ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида келтирилаётгани нархлар барқарорлигини таъминламоқда. Барча ўқув анжомлари санитария-гигиена талабларига тўла жавоб бериши назорат остида. Умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилган ярмаркалар орқали 300 мингга яқин ўқувчига хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.

2018-2019 ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини мактаб анжомлари, кийими ва пойабзал билан таъминлаш мақсадида жами 125 мактаб ҳамда шаҳарлар ва туман марказларида жойлашган буюм бозори, йирик савдо комплексларида мактаб бозори ва ярмаркалари ташкил этилган. Вилоятнинг тоғли қишлоқлари аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида Деҳқонобод, Қамаши ва Чироқчи туманлари ва бошқа ҳудудларда кўчма автодўконлар фаолияти йўлга қўйилди.

3 (1).jpg

– Ярмаркада 35 турдан зиёд ўқув қуроллари сотилмоқда, – дейди “Шарқ зиёкори” МЧЖ Қарши филиали бошлиғи Ойбек Олимов. – Айтиш жоизки, ушбу маҳсулотларнинг 70 фоизи юртимизда ишлаб чиқарилган ва сифати жуда яхши. Ўқув анжомлари аҳолига қулай, сифатли ва арзон нархда таклиф этилмоқда. 

“Мактаб бозорлари”да нархлар сунъий оширилишининг олдини олиш ва барқарорликни таъминлаш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан доимий назорат ўрнатилган.

Ярмаркалар 10 сентябрга қадар давом этади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
9 784