ЎзА Ўзбек

15.03.2019 15:17 Чоп этиш версияси

Мактаб директори тавсифнома ёзиб бериш учун тамагирлик қилди

Мактаб директори тавсифнома ёзиб бериш учун тамагирлик қилди

Директор нега тамагирлик йўлини танлади?

Мамлакатимизда давом этаётган ислоҳотлар доирасида жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. 

Бунда албатта “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Фарғона вилоятидаги таълим масканларида ҳам коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Шундай бўлса-да, баъзида таълим соҳасида ҳам нохуш ҳолатлар кузатилмоқда. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Олтиариқ суди томонидан ўтган йилда умумтаълим мактабларининг 2 нафар раҳбарига қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиб, уларга тегишли жазо белгиланди.

Тумандаги 5-умумтаълим мактаби директори Г.Ғ. фуқаро Ш.А.га Фарғона давлат университетида очилган бошланғич таълим йўналишининг махсус сиртқи бўлимига ҳужжатларни топшириш учун тавсифнома ёзиб бериш эвазига тамагирлик йўли билан учун 300 минг сўм пул талаб қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тадбирда мактаб директори мазкур пулларни олаётган вақтда далилий ашё билан ушланган. Суд ҳукми билан унга қонун доирасида жазо тайинланди. Шунингдек, 29-умумтаълим мактаб директори эса мактаб кутубхоначиси вазифасига ишга қабул қилиш учун 100 доллар пора сўраб, уни олганини қандай изоҳлаш мумкин? 

Профилактика куни муносабати билан Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан 34-умумтаълим мактабида тумандаги мактаб директорлари ҳамда ўқитувчилар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилиб, коррупцияга қарши курашиш, таълим соҳасида тамагирлик ҳолатларини олдини олиш муҳокама этилди.

– Таълимдаги коррупцияни йўқотиш учун одамлар онги, ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчи-педагоглар ва мактаб раҳбарларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим вазифалардан биридир, – дейди жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди раиси Ш. Ҳомидов. – Чунки порахўрликка мойиллик бор экан, иллат яширин равишда содир этилаверади. Аҳолига очиқ-ошкора маълумотларни етказиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида тадбирлар уюштириш, таълим муассасаларида ушбу мавзуга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, ўқув дастурларида коррупцияга қарши мавзуларни янада кучайтириш лозим. Бугунги тадбирда биз педагоглар билан ана шу борадаги муҳим вазифаларни белгилаб олдик.

М. Сулаймонов, ЎзА
3 887