ЎзА Ўзбек

04.06.2018 15:03 Чоп этиш версияси

Мактаб битирувчилари учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди

Мактаб битирувчилари учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 24-умумтаълим мактаби битирувчилари учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туман халқ таълими бўлими томонидан пойтахтимиздаги тўртта касб-ҳунар коллежи базасида 10-синф ўқувчилари учун касб ўрганиш мажмуалари ташкил этилган эди.

Ўғил-қизлар Тошкент туризм ва бизнес, Қўйлиқ маиший хизмат кўрсатиш, Сергели саноат, Сергели енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари негизида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларида еттита мутахассислик бўйича касб ўрганди.

Тумандаги 154 корхона, муассаса ва ташкилотда, жумладан, тижорат банклари, хусусий корхоналар, умумий овқатланиш жойлари, маиший хизмат кўрсатиш масканларида ҳамкорлик шартномалари асосида ўғил-қизлар амалиёт жараёнларига жалб этилди.

Ўқув йили давомида умумтаълим фанлари билан биргаликда, ҳисобчиликда 439, ошпазликда 155, сартарошликда 197, меҳмонхона хўжалиги ходими йўналишида 76, туристик хизматлар ташкилотчиси соҳасида 51, автомобиль воситаларини таъмирлашда 244, радиотехника воситаларини таъмирлаш йўналишида 83 нафар ўғил-қиз мутахассис-педагоглардан соҳа сабоқларини олди.

Ўқувчилар ташкил этилган қисқа муддатли амалиёт жараёнида мутахассислиги бўйича эгаллаган назарий билимларини амалда қўллаб, малака ва кўникмаларини ошираётир.

Барно Мелиқулова, ЎзА
6 491