ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Махсус таълимда имконияти чекланган болалар билан ишлаш

Махсус таълимда имконияти чекланган болалар билан ишлаш

Ҳар бир мамлакат, жамиятнинг тараққиёти илму фаннинг нақадар ривож топгани билан узвий боғлиқ. Илмга ва уни ўрганишга қаратилаётган эътибор ўша давлатнинг эртанги кунини белгилаб беради.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ва “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида белгилаб берилган вазифалар ижросини амалга ошириш мақсадида “Махсус педагогларни тайёрлаш истиқболлари: касбий компетенцияларни ривожлантириш ва қўшимча таълим ва ижтимоий мослашиш масалалари” мавзусида республика миқёсида онлайн илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференцияда алоҳида ёрдамга муҳтож болалар махсус таълимини ривожлантиришда фан, амалиётнинг ҳамжиҳатлигини уйғунлаштириш, махсус таълимнинг назарий ва методологик асосларини муҳокама қилиш, хорижий ҳамда маҳаллий тажрибаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилишга доир ёндашувларни излаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Илмий-амалий конференцияда махсус таълим тизимида информацион технологиялар, махсус таълим муассасалари педагоглари малака ошириш тизимида самарадорликка эришиш масалалари, меҳнат кўникмаларини шакллантиришда компьютер дастуридан фойдаланиш технологиялари тўғрисида сўз борди.

– Анжуман махсус педагогларни тайёрлашда касбий компетенцияларни ривожлантириш истиқболлари, алоҳида ёрдамга муҳтож болалар махсус таълимининг назарий-методологик жиҳатлари, алоҳида ёрдамга муҳтож болалар билан коррекцион-ривожлантирувчи ишларда инновaцион ёндашувлар хусусида фикр алмашиш учун муҳокама майдони бўлди, – дейди педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Шокирова. – Шунингдек, махсус таълимда кўриш, эшитиш, нутқ, хулқ, таянч-ҳаракат аъзолари ва интеллектида, аутизм спектрига эга бўлган болалар билан ишлашда таклифлар билдирилди.

Маърузаларда махсус таълим тизимида замонавий технологияларни қўллаш, дуч келинаётган муаммолар, ютуқлар ва янгиликларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

1 610
ЎзА