ЎзА Ўзбек

14.08.2018 09:29 Чоп этиш версияси

Махсус чуқурда наша етиштираётган “уддабурон” қўлга тушди

Махсус чуқурда наша етиштираётган “уддабурон” қўлга тушди
Сурхондарё вилоятида ўтказилаётган “Қорадори-2018” тадбирларида айрим кимсалар томорқасида наша гиёҳванд моддасини етиштираётганида қўлга тушгани ҳақида хабар берган эдик. Бу сафар ички ишлар идораси ходимлари Денов туманидаги “Меҳнатобод” маҳалласида заҳри қотил парвариши билан боғлиқ иккита “ғаройиб” ҳолатни аниқлади.

Зийрак ҳуқуқ посбонлари маҳалладаги Э. Жовлиев (исм-шарифлар ўзгартирилди) хонадонига келганида унинг томорқасида ям-яшил бўлиб турган сабзи экинлари эътиборини тортди. Улар не кўз билан кўрсинки, бу шахс сабзи қатор ораларига 18 туп наша ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётган экан. Бундан ташқари, ошхонаси кўздан кечирилганда марихуана гиёҳвандлик моддаси сақланаётгани аниқланиб, ҳужжатлаштириб олинди. Шу маҳаллада яшовчи эллик ёшдаги С. Қултўраев гиёҳванд модда етиштириш учун анча меҳнат қилган кўринади. У томорқасидаги анор дарахтлари орасида 11 махсус чуқур ковлаб, заҳри қотил етиштирмоқчи бўлади. Шу мақсадда 27 туп наша ўсимлигини экиб, парваришлай бошлайди. Афсуски, томорқадаги чуқурларда ўсаётган бу ўсимликни ҳам ички ишлар идораси ходимлари илғаб қолди.

Қонунларимизда экиш тақиқланган мазкур ўсимликлар холислар иштирокида расмийлаштирилиб, оғу етиштириш билан шуғулланаётган шахсларга нисбатан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди.

Х. Маматрайимов, ЎзА
6 075