ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Маиший техника олди-сотдисида чув тушиб қолманг!

Маиший техника олди-сотдисида чув тушиб қолманг!

Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Е.К шаҳардаги 8-кичик ноҳия ҳудудида жойлашган маиший техника дўконларидан биридан “SAMSUNG-40“ русумли телевизорни икки миллион бир юз олтмиш беш минг сўмга сотиб олган.

Истеъмолчига телевизорга тегишли бўлган техник ҳужжатлар топширилмаган. Бироз муддатда маҳсулот яроқсиз холга келган. Шундан сўнг, истеъмолчи телевизорни Чирчиқ шаҳрида жойлашган “SAMSUNG-ЦЕНТР”га олиб борган.

Мутахассислар телевизор сотувдан олдин таъмирланганлигини айтиб, истеъмолчининг кафолат бўйича телевизорни таъмирлаб бериш тўғрисидаги талабини рад этган. Истеъмолчи бу ҳақида бир неча марта дўкон сотувчиларига мурожаат қилган, аммо харидорнинг шикоятлари ўрганилмаган.

Истеъмолчи янги телевизор ўрнига олдин бировларга сотилган, кейинчалик таъмирланган телевизор сотилган деб гумон қилиб, Чирчиқ шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.

Жамият ходимлари ушбу мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқиб истеъмолчининг ҳуқуқлари чиндан поймол бўлганлигини аниқлади. 
Дўкон эгасига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тушунтириш ишлари олиб борилди.

Иш якунида истеъмолчига “SAMSUNG” яроқсиз телевизори барча техник ҳужжатлари билан янгисига алмаштириб берилди.

4.700.000 СЎМЛИК “СМАРТ“ ТЕЛЕВИЗОР СИФАТСИЗ ЭКАН

Фуқаро Д.Камолов Бухоро шаҳар Марказий бозоридаги маиший техника дўконидан 4.700.000 сўм нақд пул эвазига “LG” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган смарт телевизор харид қилди. Хариддан мамнун истеъмолчи телевизорни уйга келтириб эътибор билан кузатганида телевизордаги камчиликларни пайқади. Харидор тадбиркор томонидан мурожаатига муносиб жавоб ололмагач, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.

Ҳолат федерация мутахассислари томонидан ўрганилди ва тадбиркорга истеъмолчи қонуний ҳуқуқлари тушунтирилди.

Сифатсиз телевизор учун тўланган 4.700.000 сўм тўлов истеъмолчига тўлиқ қайтарилди.

Яна бир мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий ҳал этилди.

ИСТЕЪМОЛЧИНИ ҚИЙНАГАН ЯНА БИР МУАММО

Чирчиқ шаҳрида яшовчи истеъмолчи Х.Ш. маиший техника дўконидан “Бирюса-134“ русумли музлатгични 3.200 000 сўмга сотиб олди.

Истеъмолчига музлатгичга тегишли бўлган кафолат қоғози ва бошқа техник ҳужжатлар топширилган. Қисқа фурсатда музлатгич яроқсиз холга келган. Истеъмолчи бу ҳақида дўкон сотувчиларига мурожаат қилган, сотувчи жиҳозни таъмирлаш учун техник хизмат ходимларини жўнатишини айтган. Музлатгични техника устаси келиб олиб кетган. Сотувчи ва уста истеъмолчини огоҳлантирмай, унинг иштирокисиз музлатгичнинг компрессорини ечиб олганлар, ўрнига Хитойда ишлаб чиқарилган компрессорни ўрнатганлар.

Истеъмолчида “компрессорга ҳеч нима бўлмаган, улар Россияда ишлаб чиқарилган мотор ўрнига Хитой моторини қўйган, барча эҳтиёт қисмларини алмаштирган” деган шубҳа пайдо бўлганлиги сабабли Чирчиқ шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган. 
Мазкур мурожаат жамият ходимлари томонидан истеъмолчи ва сотувчилар иштирокида ўрганиб чиқиб, сотувчиларнинг ҳийласи аниқланди ва истеъмолчига дўкон раҳбарияти томонидан янги музлатгич берилди.

НОСОЗ ТЕЛЕФОН ЯНГИСИГА АЛМАШТИРИЛИБ БЕРИЛДИ

Наманган вилояти Чортоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига Турғунпўлатов Умиджон томонидан шикоят аризаси келган.

Тумандаги “Иқболжон Жамшид Акобир” МЧЖдан “SAMSUNG” А50 қўл телефонини 2 920 000 сўмга сотиб олганлиги, лекин телефон 15 кун ишлатилмасдан нуқсонли бўлиб чиққанлиги сабабли МЧЖга бориб нуқсонини бартараф этилишини ёки янги қўл телефонига алмаштириб берилишини сўраган. Лекин фуқаро мурожаати рад этилган.

Ҳолат ўрганиб чиқилди, телефонни нуқсони борлиги аниқланиб, фуқаро У.Турғунпўлатовга янги “SAMSUNG А50“ қўл телефонига алмаштириб берилди.

Ўзбекистон Республикаси
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари Федерацияси

935
ЎзА