Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

28.08.2018 09:49 Чоп этиш версияси

Мадина Ваҳобова – “XXI аср аёли” танлови ғолибаси

Мадина Ваҳобова – “XXI аср аёли” танлови ғолибаси

Наманганда “XXI аср аёли” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан “Донолик ва ташаббускорлик сиёсий етакчилик мезони” шиори остида ташкил этилган танловда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, партия кадрлар захирасини сиёсий етук аёллар билан кенгайтириш, уларнинг инновацион ғояларни юзага чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Партия дастури ва сайловолди платформасида белгиланган вазифалар асосида ўтказилаётган танловдан кўзланган мақсад қонунчилик, ижро ҳамда суд ҳокимияти соҳаларида фаолият кўрсатаётган билимли ва малакали хотин-қизларни рағбатлантириш, партиянинг кадрлар захирасини мустаҳкамлаш, аҳолининг миллий сайлов қонунчилиги борасидаги билимини янада бойитишдир, – дейди партия вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Ғ.Тўйчибоев. – Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида партия сафларида сиёсий ва ҳуқуқий билими юқори бўлган хотин-қизлар кўплиги аниқланди.

Танловда 11 нафар иштирокчи “Партия менинг тақдиримда”, “Партия фаолиятида ташаббусларим” ва “Партия дастури ва қонунчиликка таклифлар” каби уч шарт асосида баҳслашди. Иштирокчилар аёлларимизда миллий ғурур, Ватанга садоқат, қадриятларга ҳурмат туйғусини ошириш, келажакда оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашиш, хотин-қизларга доир қонун лойиҳалари, жойларда аёллар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш юзасидан тақдимотлар ўтказди.

Айниқса, чустлик Мадина Ваҳобованинг ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик орқали аҳоли фаровонлиги ва бандлигини яхшилашга қаратилган ишлари акс этган тақдимот йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Унинг ташаббуси билан 2014 йилда ташкил этилган “Madina Zakovat Ziyo” ўқув марказида ёшларга рус, инглиз ва корейс тиллари ўргатилмоқда. Корея Республикасидаги ишбилармон ҳамкорлар билан келишувга кўра, ўқув марказида таҳсил олган ёшлар 18 та хорижий таълим муассасасига ўқишга юборилади.

Иштирокчиларнинг чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди. Чуст туманидаги “Madina Zakovat Ziyo” ўқув маркази раҳбари Мадина Ваҳобова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринга Янгиқўрғон туманидаги иқтисодиёт ва транспорт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Гулноза Ҳайитмирзаева, учинчи ўринга эса Уйчи туманидаги 24-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Моҳигул Раҳимова сазовор бўлди.

Танлов ғолиблари ва фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Оқилхон Дадабоев

ЎзА
4 634