ЎзА Ўзбек

18.09.2020 Чоп этиш версияси

Маданият вазирлиги санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас – вазирлик баёнот берди

Маданият вазирлиги санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас – вазирлик баёнот берди

Сўнгги пайтларда айрим санъаткорларнинг тўй ва тадбирларда карантин қоидаларини бузиш ҳолатлари афсуски учраб турибди. Шу муносабат билан, жамоатчилик томонидан, Маданият вазирлиги нега буни назорат қилмаяпти, қабилидаги саволлар, мурожаатлар келиб тушмоқда. Маданият вазирлиги ушбу масалада баёнот берди.

“Албатта, Маданият вазирлиги ушбу хатти-ҳаракатларни маъқулламайди ва карантин қоидалари истисносиз ҳар бир шахс учун мажбурийлигини, уни бузганларга қатъий чора кўрилишини қўллаб-қувватлайди.

Бироқ, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, қандай касб эгаси бўлишидан қатъий назар маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга. Уларнинг шахсий ҳаётини назорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, Маданият вазирлиги ҳам санъаткорларнинг шахсий ишларига аралашиш ваколатига эга эмас. Вазирликнинг низом билан тасдиқланган фаолият чегаралари мавжуд бўлиб, ундан ташқарига чиқиш қонунан мумкин эмас. Шахснинг жамиятдаги хатоси ёки жинояти учун чора кўришга масъул бўлган органлар қонуннинг барча учун баробарлиги тамойилига асосланган ҳолда фаолият олиб борадилар.

Табиийки, санъат аҳли миллионлаб мухлисларнинг нигоҳида ва диққат марказида бўлади. Лекин, бу унга қандайдир имтиёз эмас, аксинча улкан жавобгарлик ва масъулият юклайди. Маданият вазирлиги соҳа вакилларидан ўз ҳаёт ва фаолиятларида ушбу мезонга амал қилишларини сўрайди. Ўз навбатида, масъул идораларни белгиланган меъёрларни бузган санъаткорларнинг жавобгарликларини таъминлаш учун қонуний чоралар кўришга чақиради. Зеро, қонун барчага баробар!“, дейилади вазирлик баёнотда.

6 071
ЎзА