ЎзА Ўзбек

02.08.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик
Эътибор қилган бўлсангиз, сўнгги пайтларда “давлат-хусусий шериклиги” деган ибора тез-тез тилга олинадиган бўлди. Президентимиз томонидан “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекилди. 

7d3801d4-56f7-43c8-9c64-782e97d9c644.jpg
Албатта, бу жараёнда ҳам давлатнинг, ҳам тадбиркор шерикнинг фойда олиши кўзда тутилган. “Фойда олиш” деган иборага ёпишиб олмаслик керакки, ўша фойдани фақат хусусий шерик эмас, мундоқ ўйлаб қарасангиз, давлат ҳам олади. Давлатнинг фойдаси – дейлик, узоқ ҳудудлардаги йиллар мобайнида ишлатилмай, хор бўлиб ётган, бир вақтлар озми-кўпми, фаолият юритган маданият уйлари, кинотеатрлар, истироҳат боғлари – шу баҳонада яна ишлай бошлайди. Ўша муассасаларнинг рақамлари эса – ҳазилакам эмас. 

Маданият вазирлиги тасарруфида – 37 та театр, 92 та музей, 894 та маданият уйлари ва аҳоли дам олиш марказлари, 242 та маданият ва истироҳат боғлари, 325 вазирлик тизимидаги таълим масканлари, 14 та кўзи ожизлар кутубхонаси, 7 476 та маданий мерос объектлари, яъни миллий осори-атиқа гўшаларимиз, 4 та санъат саройи ва худди шунча (4 та) ҳайвонот боғи бор. Уларни ривожлантириш керакми, керак...

Давлатнинг ўзи шу соҳани ривожлантирса бўлмасмиди?

Модомики, соҳадаги муаммо, абгор кутубхона-ю, ахлат босган истироҳат боғи, тўйхонага айланган кинотеатрлар манзарасидаги ҳолатлар қиёфасида экан, “Давлатнинг ўзи шу соҳани ривожлантирса бўлмасмиди?” деган савол ҳам туғилиши мумкин. Бўлади. Лекин маданият ва санъат муассасалари қанча тез ривожланса, шунча яхши. Бунда хусусий ташкилотлар уларга дастмоя киритади, ўша ҳудудларда маданият ва санъат ривожланишидан манфаат кўрадиган давлат эса – имкон борича уларни қувватлаб туради. Бу – биринчидан. 

Иккинчидан эса, олис-олис қишлоғ-у овулларга яна қайтадан санъат, маданият, урфон кириб боради. Учинчидан, рақобатга йўл очилади, санъат гўшасини обод қилишда яхшигина жозибадор шартлар таклиф қилинмоқда ахир. 

Демак, қарор билан маданият муассасасига сармоя ва саъй-ҳаракатини тикадиган субъектларга муайян имтиёзлар ҳам тақдим этилади. Масалан, нодавлат секторидаги кимдир биров маданият ва санъат йўналишидаги бино қуриш учун бепул асосда доимий фойдаланишга ер участкалари олмоқчи, бундан ташқари, хароб бинони реконструкция қилиб, жиҳозламоқчи, кейинчалик эса уларни оталиққа олиш шарти билан қурилишлар қилмоқчи бўлса, уларга бепул асосда, боз устига, камида 30 йилга ер участкалари тақдим этилади ва муассасалар бинолари “ноль” харид қийматида сотилади.

Агар хорижлик инвестор концессия асосида қурилиш учун ер участкаси ёки реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун бино ажратиш бўйича таклиф билдирса, бунинг ҳам шарти аниқ: у билан 15 йилгача бўлган муддатга битимлар имзоланади. Муддати 10 йиллик битимлар эса – хусусий шерикнинг мол-мулки негизида ташкил қилинган – маданият ва санъат нодавлат муассасаларини моддий-техник, молиявий ва методик таъминлашга дахлдор.

Албатта, битим деганлари шунчаки, кўчадан келган одам билан “бор-баракасига” тузиб юборилмайди. Улар Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижалари бўйича имзоланади. Ва албатта хусусий шерикка айрим инвестиция мажбуриятлари ҳам юкланади.

Масаланинг энг нозик – молиявий томони... 

Бундай лойиҳаларни амалга ошириш маблағга бориб тақалиши аён. Хусусий сармоядор – тайинки, маблағ ва кучини шу ишга тикар экан, “ҳа” деган – туяга мадад” нақлини унутмаслик лозим. Давлат ҳам уларни қўллаши керак. Йўқса, шерикликнинг – икки томонлама эканидан маъни йўқ. Шу боис ҳам қарорда – шу соҳага йўналтириладиган маблағларни Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасида очиладиган алоҳида ҳисоб-варақда жамлаш ва тадбиркорлик субъектларига йўналтириш белгиланган. Аммо маблағ дегани тўғридан-тўғри йўналтирилмайди – унинг ўз механизми бор.

Бундан ташқари маданият ва санъат нодавлат муассасалари харажатларининг бир қисмини қоплаш учун – давлат томонидан субсидиялар ҳам ажратиш кўзда тутилган.
“Ялло” қилиш кетмайди...

Президент қарорида Давлат-хусусий шериклик шартларида ташкил этилган маданият ва санъат нодавлат муассасалари – асосий фаолияти бўйича барча солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан, бундан ташқари, ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган техник воситалар ва бошқа жиҳозлар 3 йил муддатга божхона тўловлари тўлашдан озод қилиниши кўрсатилган.

Бунда биттагина ва муҳимгина шарт борки, солиқ ва божхона имтиёзлари – маданият ва санъат соҳасида кўрсатилаётган хизматлардан олинадиган соф тушум улуши – умумий реализация ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этгандагина берилади. Яъни номига – маданият ва санъат муассасаси очиб ёки шундай бинони узоқ йилга ижарага олиб, бу ёғига дўкон-пўкон, тўйхона ва ёхуд емакхона ташкил қилиб, “ялло” қилиш кетмайди.

Маданият-у санъатдан баҳра олишга ҳамманинг ҳаққи бор!

Қарор билан, тегишли вазирлик ва идораларга – бир ой муддатда бўш турган, шунингдек, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланиши лозим бўлган маданият ва санъат муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотларини хатловдан ўтказиб, уларнинг рўйхатини тузиш, шу билан бирга, ҳар йили 1 февралга қадар давлат-хусусий шериклик шартларида маданият ва санъат нодавлат муассасаларининг биноларини қуриш учун бепул, доимий фойдаланишга ажратилиши мумкин бўлган ер участкаларини аниқлаб, уларнинг тасдиқланган рўйхатларини Маданият вазирлиги ва “Ўзбеккино” Миллий агентлигига тақдим этиш вазифаси топширилди.

Дарҳақиқат, юртнинг олис-олис ҳудудларидаги одамларнинг ҳам маданият-у санъатдан баҳра олишга ҳақи бор. Маданият ва санъат гўшаси ўз номига хос бўлиб ишлаб турганига нима етсин?!

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа 
маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

ЎзА
7 605