ЎзА Ўзбек

25.07.2018 22:26 Чоп этиш версияси

Маданият ва истироҳат боғлари ўз номига муносибми?

Маданият ва истироҳат боғлари ўз номига муносибми? Ушбу масала Халқаро пресс-клубнинг «Дам олиш маданияти: замонавий талаблар ва янги дам олиш масканлари» мавзусидаги сессиясида қизғин муҳокама қилинди.

Унда пойтахтимиздаги маданият ва истироҳат боғлари раҳбарлари, масъуллари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этди.

Ёзнинг иссиқ кунларида истироҳат боғларига борувчилар ҳар қачонгидан ҳам кўп бўлади. Рақамларга мурожаат қилсак, юртимизда 150 дан зиёд маданият ва истироҳат боғлари мавжуд. Пойтахтимизнинг ўзида 24 та ана шундай маскан бўлиб, уларга кунига ўртача 150 минг одам боради. Байрам, дам олиш кунлари эса дам олувчилар сони 450-500 мингга етади.

– Шарқ мамлакатларида сўлим боғлар, маданият масканлари курилишига эътибор азалдан катта бўлган. Чунки боғларда инсон нафақат дам олади, балки табиат билан уйғунлигини янада теранроқ ҳис қилади, – дейди маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова. – Бугунги кунда Шарқ ва Ғарб давлатларида истироҳат боғлари барпо этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, Москва паркларини ўрганганимизда, фақат кўнгилочар аттракционлар эмас, кутубхона, музей, ресторан, театрлашган томошалар ўтказиш жойлари мавжудлигига гувоҳ бўлдик. Бошқа мамлакатлар тажрибасини ҳам ўрганяпмиз. Боиси юртимизга ташриф буюрадиган сайёҳлар тарихий масканларни кўриб ўтмишимизга баҳо берса, маданият ва истироҳат масканларини кўриб бугунги тараққиёт, маданиятимизни баҳолайди.

– Инсон музқаймоқ ейиш ёки ўйин-кулги қилиш учунгина маданият ва истироҳат боғларига бормаслиги керак, – дейди Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи маънавий-маърифий бўлими раҳбари Абдуллахўжа Сулаймонхўжаев. – Улар ўз номи билан маданият маскани, тарбия ўчоғи бўлиши керак. Боғларда қадриятларимизни акс эттирадиган тадбирларни кўпайтиришимиз лозим. Уларда китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш, дам олиш учун барча имкониятлар бўлиши керак. Биз боғимизга келувчилар фикрини мунтазам ўрганиб борамиз, сўровномалар ташкил қиламиз, тез-тез жонли мулоқот қилиб турамиз.

Сессияда пойтахтимиздаги «Экопарк», «Ашхобод», «Дўстлик» каби маданият ва истироҳат боғлари, сайлгоҳлар раҳбарлари бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Инобат Аҳатова, ЎзА
3 605