ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Маданият саройида кун кечираётган она...

Маданият саройида кун кечираётган она...

Жиззах вилоятининг Арнасой тумани “Чўлқувар” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган маданият саройида Латофат Равшанова икки нафар вояга етмаган фарзанди билан умр кечирмоқда.

Л.Равшанова 2015 йилда яхши ниятлар билан Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи Баҳодир Абдуғаниевга турмушга чиқади. Улардан икки фарзанд дунёга келади. Аммо эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик сабаб оила тинчлиги бузилиб, ажрашишгача келса ҳамки, ҳеч ким эътибор қилмади. Натижада икки норасида гўдакнинг пешонасига отасиз улғайиш битилди. Она фарзандлари билан ўзи ўсиб-улғайган қадрдон қишлоғига қайтди. Лекин ҳеч кимнинг уйига сиғмади.

photo5348466759201566038.jpg

— Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон ўзининг “кичик ватани” га — уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади”, деган сўзларини тинглар эканман, қалбимда яшашга умид уйғонди, — дейди Латофат Равшанова. — Бормаган, мурожаат қилмаган идорам қолмади. Қаерга бормай, “масалангизни ўрганиб чиқамиз“, дейишдан нарига ўтмайди. Вилоят ҳокимининг сайёр қабулида ҳам мурожаат қилганман, натижа йўқ. Ҳеч бўлмаганда яшаш шароитимни ҳам ўрганиб кетишмади. Туман ҳокимиятига бораверганим сабаб “шантаж“, деган ном ҳам қўйиб олишди. Нима қилай, фарзандларим учун ҳамма нарсага тайёрман. Ҳатто Арнасой туман халқ таълими бўлими васийлик ва ҳомийлик кенгаши томонидан келишиб, “агар турли жойларга мурожаат қилишни тўхтатмасанг, ўғлингни меҳрибонлик уйига топширамиз”, деб таҳдид қилишди.

Туман ҳокимлиги томонидан уй солиш учун шу қишлоқнинг ўзидан тўрт сотих ер, том қисмини ёпиш учун шифер беришибди. Аммо қолган қурилиш маҳсулотларни олишга, уй деворини кўтаришга 205 минг алимент, 170 минг она таъминоти учун оладиган пули етмайди. Ишлай деса иш йўқ. Иш бўлса ҳам икки яшар қизини ёлғиз уйга ташлаб кетолмайди. Боғчага берай деса, ёши тўлмагани сабаб олишмайди.

photo5348241346432969971.jpg

Вазиятни янада ойдинлаштириш мақсадида қишлоқ фуқаролар йиғини идорасига борганимизда ҳеч кимни учрата олмадик. Яхшиямки, халқ депутатлари Арнасой туман кенгаши депутати Эркин Зойировни учратдик. Депутат билан маданият саройининг (олдин шундай номланган) бир хонасида жойлашиб олган Л. Равшанованинг “хонадони”да бўлдик. Оиланинг яшаш шароити ҳақиқатан жуда ночор. Таъмирга муҳтож маданият саройининг бир хонасини ўзига макон қилиб олган. Том қисмидан чакки ўтиб туради. Яшаш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Эшик ва ромларни ниқоблаб, совуқдан сақланиб туришибди.

—Қишлоқ фуқаролар йиғини 2018 йилда “Обод қишлоқ“ дастурига тушди, — дейди халқ депутатлари Арнасой туман кенгаши депутати Эркин Зойиров. — Аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Маданият саройи таъмирланмади. Қолаверса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида тикувчилик фабрикаси очиш режалаштирилган эди. У ҳам охирига етказилмай қолди. Натижада қишлоғимиздаги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида муаммолар учраб турибди.

photo5348241346432969973.jpg

Президентимиз ташаббуси билан оддий одамларнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини қондиришга, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда айрим жойларда мана шундай кўмакка муҳтож аёллар турли идоралар ўртасида сарсон бўлаётгани тушунарсиз. Бундай сансалорлик уларда ҳаётга қизиқишини сўндириб, давлатга, адолатга ишончига путур етказмайдими? Ҳеч бўлмаганда норасида гўдакларнинг келажаги ҳақида қайғуриш инсонийлик бурчимиз эмасми?

Умид қиламизки, мутасаддилар бу оиланинг эҳтиёжини чуқур ўрганади ва зарур ёрдам кўрсатади.

photo5348241346432969972.jpg

1 185
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА