ЎзА Ўзбек

03.12.2019 Чоп этиш версияси

Маданият марказлари фаолиятидаги муаммолар муҳокама қилинди

Маданият марказлари фаолиятидаги муаммолар муҳокама қилинди

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сонли қарорида маданият марказларининг нафақат моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, балки уларнинг фаолиятини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларига доир долзарб вазифалар белгиланган. Жумладан, қарорда юртимизда маданият марказлари фаолиятига бағишланган илмий-амалий конференциялар, маҳорат дарслари, тажриба алмашув ўқув-семинарларини мунтазам ташкил этиб бориш белгиланган.

Ана шу муҳим вазифаларни бажарилиш чора-тадбири доирасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази томонидан “Маданият марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш – давр талаби” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

photo5413662503034006351.jpg

Мамлакатимиздаги 220 га яқин туман, шаҳар маданият бўлимлари мудирлари, маданият марказлари ходимлари ва соҳага доир илмий-тадқиқот ишларни олиб бораётган мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда маданият марказлари фаолиятини ривожлантириш, соҳада вужудга келаётган муаммоларга ечим топиш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ва тўғри ташкил этиш, маданият марказларида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

612
ЎзА