ЎзА Ўзбек

26.07.2018 23:49 Чоп этиш версияси

Маданий меросимиз – салоҳиятимиз кўзгуси

Маданият вазирлигида тизим фаолияти, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Маданият вазири Б.Сайфуллаев ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 август куни юртимиз ижодкор зиёлилари билан учрашувида соҳа ривожига оид вазифа ва аниқ чора-тадбирларни белгилаб берганини таъкидлади. Ўтган вақт мобайнида миллий маданият ва санъатимиз равнақига оид кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилинди. Мазкур қонун ҳужжатлари соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижодий жамоалар моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртимизда музейлар фаолиятини таҳлил этиш ва халқаро тажрибани чуқур ўрганиш натижасида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 декабрда "2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори тасдиқланди.

Анжуманда таъкидланганидек, 2017-2027 йилларда юртимизда 21 та музей қайта ва яна 7 та янги музей ташкил этилиши белгиланган. Дастурга кўра 2018 йилда 5 та музейда реконструкция, 6 та музейда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Бугунги кунда юртимизда 7,5 мингга яқин моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган. Уларнинг 4 минг 300 дан ортиғи минг йиллик тарихга эга археология ёдгорлиги саналади.

Матбуот анжуманида моддий маданий мерос объектлари муҳофазаси билан боғлиқ долзарб масалалар ечимига оид амалий чора-тадбирлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 619