ЎзА Ўзбек

11.10.2018 16:26 Чоп этиш версияси

​Маданий ҳаётимиздаги ёрқин воқелик

​Маданий ҳаётимиздаги ёрқин воқелик

Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилган VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси юртимиз маданий ҳаётида ёрқин ва унутилмас воқеага айланди.

10.JPG

Мазкур халқаро маърифий лойиҳа иш тартибининг ғоят тиғизлиги билан бирга қизиқарлилиги, бири бошқасини такрорламайдиган кўргазмалар, ижодий учрашув ва мулоқотларга бойлиги билан санъат ихлосмандлари, тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотмоқда. 

– Аввалги Тошкент замонавий санъат биенналесида йигирмадан ортиқ иш билан қатнашган бўлсам-да, кўргазма залларингизнинг ғоят маҳобатли экани боис ишларим экспозициянинг бир чеккасида қолиб кетганди, – дейди испаниялик коллаж устаси, компьютер графикаси мусаввири Антонио Мора. – Ҳозирги халқаро кўргазмада ўттиздан зиёд ижод намуналарим билан қатнашмоқдаман. Улар тасвирий санъат ва рақамли технология уйғунлиги асосида яратилган бўлса-да, инсон ва коинот, борлиқ, умр мазмуни, тарихий хотира каби мавзулар моҳиятини ўзида акс эттиради. Бу галги сафарим чоғида юртингизда илгари мисли кўрилмаган шиддатли ижобий ўзгаришлар кечаётганининг гувоҳи бўлдим. 

– Ўзбекистонга биринчи марта келишим, – дейди VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси ҳакамлар ҳайъати аъзоси, рассом, Сорбонна университетининг фан ва санъат институти директори Ольга Кисилёва (Франция). – Бу ерда ҳақиқий ижодкорлар, санъат усталари жамланди. Кўрагзмаларда чин маънодаги санъат намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин. Ўзбекистонликлар ўз юртларида ўтказилаётган бундай ажойиб биенналедан, бой маънавий-маданий меросидан ҳар қанча фахрланса арзийди. 

6.JPG

30.JPG

– Мазкур биеннале замонавий санъат тарғиботидаги дадил қадам,– дейди исроиллик рассом Марина Шелест. – Муҳими, Тошкент замонавий санъат биенналеси йиллар ўтгани сайин тобора кўпроқ тажриба орттириб, ўз анъаналарига эга бўлиб бормоқда. Бу ижодкорларнинг ўзаро мулоқот ўрнатиши, фаолияти билан танишиши йўлидаги қулай имкониятдир. 

Маърифий лойиҳанинг навбатдаги кунида Ўзбекистон давлат санъат музейи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Ёшлар ижод саройи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Ўзбекистон ва хорижлик мусаввирлар ижод намуналаридан иборат кўргазмалар ташкил этилди.

Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат),ЎзА
2 451