ЎзА Ўзбек

01.08.2018 20:28 Чоп этиш версияси

Маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда

Маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода бошчилигидаги Тожикистон дўстлик делегацияси Ўзбекистонга келди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар кўп асрлик тарихга эга. Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди. Икки мамлакат Президентлари ўртасидаги самимий муносабат мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яқинлик, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий омили бўлмоқда.

Тожикистон делегацияси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюрди. Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода ва бошқалар ўзбек ва тожик халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшнилик ришталари, умумий тарих, ягона дин, маданият, урф-одат ва анъаналар муштараклиги боғлаб туриши, сўнгги йилларда икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари билан турли жабҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади.

10 (1).jpg

Юксалиш адабиёт соҳасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда. Сўнгги йилларда миллий адабиётимиз ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор юртимиз ижодкорларининг хорижий, аввало, қўшни мамлакатлар қалам аҳли билан адабий ҳамкорлик қилишида муҳим омил бўлаётир.

Тожик халқи Ҳазрат Навоийни, ўзбек адабиётини қанчалар эъзозласа, ўзбек халқи ҳам Абдураҳмон Жомийни, тожик адабиётини шунчалар қадрлайди. Алоҳида таъкидлаш жоиз, Самарқанд шаҳрида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилди. Тожикистон Президенти Душанбедаги Беҳзод кўчасида жойлашган истироҳат боғининг номини “Низомиддин Алишер Навоий” деб қайта номлаш, у ерда ўзбек ва тожик халқлари дўстлигининг рамзи сифатида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалларини ўрнатишга қарор қилди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида адабиёт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта.

16.jpg

– Илгари, ёшлигимизда "Тошкент – нон шаҳри" деган таъриф бўларди, – деди Тожикистон халқ шоири Зулфия Атоий. – Бугун юртингиздаги, пойтахтингиздаги улкан ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини, халқингизнинг юзу кўзидаги шодумонликни кўриб, Тошкентни муҳаббат, самимият, маънавият шаҳри, деб атагим келди. 20 йилдан буён ижодий сафарлар бўлмаётган эди. Шукрки, энди узилиш даври тугади, мулоқот кунлари бошланди.

Ташриф доирасида Тожикистон делегацияси пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди.

Нурилло Насриев, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
6 724