ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Мададга муҳтож маданият маркази...

Мададга муҳтож маданият маркази...

Одатда баландпарвоз сўзларни айтишга ўрганиб қолганмиз. Бундай сўзларни айтарканмиз, оғриқли нуқталар, илдиз отаётган муаммоларнинг кучи кесилгандай бўлади. Бироқ шарқираб оқаётган сув тингач тубидаги ҳамма нарсалар кўриниб қолгани каби жарангдор сўзлар ҳам тинса, нуқсонлар аста-секин бўй кўрсата бошлайди. 

Бир пайтлар ҳайқириқлари бутун Фарғонани тутган ёшларни бағрига олган Фарғона шаҳридаги “Ёшлар маданият ва спорт маркази” (амфитеатр) биноси бир қарашда ҳашаматли кўрингани билан ичкаридан разм солсангиз хоналар авария ҳолатига кела бошлаган. Қизиғи шундаки, бу ерда вилоят маданият маркази фаолият олиб боради. Амфитеатр ичидаги 4 та хона марказ учун ажратилган. Бугунги кунда марказда 65 та тўгаракка 1 минг 365 нафар болалар, ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Уларга 40 нафар мураббийлар сабоқ беради, амалий машғулотлар олиб боради. Ҳар бир тўгарак раҳбари зиммасида бир ойда 96 соат машғулот олиб бориш вазифаси юклатилган. Ўтган йили маданият маркази республика миқёсида “Энг намунали маданаят ва аҳоли дам олиш маркази номинацияси ғолиби бўлиб “Эҳтиром” мукофотини қўлга киритди. 

Бир сўз билан айтганда, жорий йилда марказ ва унинг аъзолари 200 га яқин ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва сертификатларга эга бўлди. Марказ муваффақиятлари ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Лекин гап бу ҳақда эмас. Гап маданий эҳтиёжлари ортиб бораётган аҳоли вакиллари ота-оналар, уларнинг фарзандларини қониқтирмаётган, тўгарак раҳбарларининг қалбини тирнаётган шароит ҳақида... 

Тўгарак машғулотлари амфитеатр биносидан ташқари Фарғона ихтисослашган санъат мактаби, Фарғона шаҳридаги 4- болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1,-2,-33- умумтаълим мактабларида олиб борилади. 

Айни пайтда амфитеатр ичидаги машғулотлар хонасини кузатамиз. Бўм-бўш, қаровсиз хоналар ҳеч қандай талабга жавоб бермайди. Жой танқислиги сабабли директорнинг хонасида ҳам машғулот ўтказиляпти. Қарийиб 36 йилдан бери шу соҳада меҳнат қилаётган марказ директори Татьяна Шералиева шу кунга қадар шароитни яхшилаш мақсадада бош уриб бормаган идораси қолмади. Қачон қарасанг елиб-югуради. Қишда иситиш тизими, ёзда салқин хона муаммоси... Дарвоқе, юқорида биз тилга олган ташаккурнома-ю сертификатлар қор-ёмғир сувлари оқиб тушган, таъмирсиз деворларга муносиб кўрилмасдан директор хонасидаги журнал столида тахланиб ётибди. Уларни деворларга махсус қолип билан ўрнатиб қўйса бўлади. Лекин бирорта хонада таъмирланган пардозланган девор йўқ, ҳаммасидан ёмғир сувлари оқиб тушиб деворни расво қилиб юборган. Чолғу асбоблари ҳам шу ерда, соҳага оид ҳужжатлар, буюмлар торгина учбурчак хонадан ўрин олган. Яқиндагина жонкуяр раҳбар ўз маблағи ҳисобидан 4 ёшли болалар учун мўлжаллаб ясалган тор, танбур. рубоб, ноғора каби чолғу асбоблари сотиб олибди. 24 нафар 4 ёшдан саккиз ёшгача бўлган болалар йиғиб ансамбл ташкил этилган. Болажонлар шу торгина хонада столларга тиғиз тизилишиб ўтириб мусиқа чалишни ўрганишади. 

photo5210916660565879624.jpg

Директорнинг хонаси билан ёндош залда бадиий раҳбар, халқ филармонияси раҳбари, 2 нафар услубчи ва ҳисобчининг иш столлари жойлаштирилган. Ҳолбуки бу ерда вокал чолғу, фольклор, мақом ва рақс ансамблари ижрочиларининг машғулотлари олиб борилади. Ҳа, илож йўқлигидан ҳисобчи-ю ижодкор, истеъдодли болалар ҳам –бир хонада қўним топишган. Эски пол устига айрим жойлари йиртилиб кетган ленолиум солинган. Тўгарак аъзолари учун жиҳозлар уёқда турсин кийиниш хонаси ҳам йўқ. Электр тизими таъмирталаб, иссиқлик тизими узиб ташланган, санузел деярли йўқ. Ҳа болалар ва ёшлар томидан қор-ёмғирлар суви чакки ўтадиган, қишда совуқ, жазирамада жон сақлаш амри маҳол хоналарда вилоятимизнинг нуфузли тадбирларига тайёргарлик кўрадилар. Наврўз, Мустақиллик байрамлари ва бошқа шодиёна, фестиваллар тантаналари, театрлаштирилган концерт дастурларида айнан шу қоракўзлар – вилоят маданият марказининг 800 нафарга яқин аъзолари билан чиройли ўтади.

Айтсам дилим, айтмасам тилим куяр деган нақл худди шу маданият фидоийларига айтилгандек. Рост гап амалдорларга ёқмайди!!!

Лекин истеъдод жой танламас экан. Шароитнинг носозлигига қарамай ота-оналар фарзандларини бўш вақтини унумли ўтказиш учун тўгарак машғулотларига етаклаб келишади. Жой муаммоси туфайли ҳозирда 128 та тўгаракдан 65 таси ишлаб турибди. Бу рақам ҳам республикада биринчи саналади. Ота-оналарнинг маданий эҳтиёжлари баландлаб боряпти. Кўпчилик ота-оналар балет мактаби ташкил қилишни илтимос қилмоқда. Чунки болаларда сколиоз (умуртқа қийшайиши) касаллигини балет машқларигина бартараф этаркан. Хоналар эса балет мактаби учун мослаштирилмаган.

Муаммоларни батафсил ўрганиш учун директорнинг қўлида сақланаётган ҳужжатлар билан танишдик. Марказ дастлаб Фарғона шаҳри Каштанзор кўчасида жойлашган 1903 йилда барпо этилган тарихий бинода фаолият кўрсатган. Бино 2012 йилда реконструкция қилиниши керак эди. 

Фарғона шаҳар марказий маданият уйининг қайта қуриш ва қайта таъмирлаш тўғрисида 28.08.2012 йил кунги 183/1-сонли шартномага асосан “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси, вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ва марказий маданият уйи ўртасида уч томонлама шартнома тузилган. Шартномага асосан таъмирлаш ишлари олиб борилсада, ниҳоясига етказилмаган. Шундай қилиб, шартнома талаблари бажарилмаган. 

photo5210916660565879625.jpg

2019 йилнинг 18 март куни вилоят прокурорига вилоят маданият маркази директори Т. Шералиева имзоси билан ёзма мурожаат йўлланган. Унда шундай дейилган:
“Вилоят марказий маданият уйи, “Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ўртасида 2012 йил 28 августда мукаммал таъмирлаш тўғрисидаги 183/1-сонли шартнома тузилган.

Мазкур шартномага кўра қурилиш ишлари 2014 йил 31 декабрга қадар топшириши лозим эди. Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарорида қурилиш ишларини якунлаб топшириш мажбурияти юклатилган. Кассация инстанцияси судининг 2019 йил 3 январдаги қарори Фарғона туманлараро иқтисодий судининг 2018 йил 11 июлдаги ҳал қилув қарорини ўзгартиришсиз қолдирган.

“Қувасой қурилиш савдо сервис” хусусий корхонаси ва “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси шартнома шартлари ва суд томонидан юклатилган мажбуриятни бажармасдан келмоқда, биз эса ҳозиргача биномизга кўча олмасдан сарсон бўлиб юрибмиз...

Юқордагиларни инобатга олиб, сиздан биномизни таъмирлаш ишларини якунланиши ва топширилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман”.

Директорнинг айтишича мазкур хат бўйича прокуратура томонидан ҳолатлар ўрганилиб тегишли ҳужжатлар ва суд қарори вилоят мажбурий ижро бюросига топширилган.

Савол туғилади. Вилоятда жуда катта қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бир-биридан кўркам бинолар қад ростлаётир. Нима учун маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган тарихий бино-шаҳар марказий маданият уйи бир неча йиллардан бери қайта реконструкция қилинмаяпти? Дарҳақиқат, бу бино анча вақтдан буён буён ташқи деворлари, олд эшик устунлари нураган, ички таъмирлаш ишлари тугалланмай, қаровсиз кўринишда ҳувиллаб ётибди.

photo5211042773690592262.jpg

Ёшлар маданият ва спорт марказининг иккинчи қаватида кар-соқовлар маданият маркази фаолият олиб боради. Улар учун яратилган шароит ҳамин қадар бўлса кошки эди. Шифтдан чакки ўтавериб шифт ва деворлар бўёғи кўчиб, сарғайиб ётибди. Мутлақо таъмирсиз, жиҳозланмаган хоналар таъбингизни хира қилади. Бу ерда бир неча тўгараклар билан бир қаторда 24 нафар аъзолари бўлган китобхонлик тўгараги ҳам мавжуд экан. Китобхонлар учун жиҳозлар, стол-стулларнинг етарли эмаслиги янада ачинарли.

Фарғона шаҳар Абдулла Қодирий мавзесида жойлашган шаҳар маданият маркази нотураржойга мослаштирилган кўп қаватли уйларнинг хонадонида фаолият олиб бораркан. Ичкарига кирсангиз бугунги замонавий хоналарнинг мутлақо аксини кўрасиз. Эскирган, яроқсиз ленолиум устига ота-оналардан ҳадя қилинган эски палос тўшаб рақс машғулотлари ўтказиларкан. 11 та тўгарак фаолияти худди шу залда, тор-танқис 2 та хонада олиб борилади. Бироқ шунга қарамасдан бу масканда фидойи инсонлар меҳнат қилишади.Стол устига тартиб билан терилган “Китобхон формуляри” га кўз югуртирамиз.

–Ўтган йили 200 нафар ёш китобхонларимиз бор эди, – дейди тўгарак раҳбари Насибахон Деҳқонова. – 2019 йилнинг январь ойидан бугун кунга қадар китобхонлар сони 120 нафарга етди. Бу ерга 5 та маҳалла фуқаролар йиғини, 8-умумтаълим мактабидан китобхонлар келади. Кўриб турганингиздек, кутубхонамиз жуда тор, тўртта стул ва битта столдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Китоб жавонимизда мингдан ортиқ китоб бор. Яқинда ўқувчиларимиз билан ўз маблағимизга китоблар харид қилдик. Шахсий ноотбугимни шу ерга олиб келганман. Болалар қизиқаётган электрон бадиий китобларни файлларга юклаб, кейин уларнинг телефонига ўтказиб бераман. 3-синф ўқувчиси Фарангиз Мирзамаҳмудова энг фаол китобхон. Онаси Фаридахон Исақова қизи билан биргаликда келиб бадиий асарларни олиб кетади. Яна бир ёш оналардан бири Зиёратхон Шарипова қизлари Ҳамидахон ва Анисахонни китоб мутолаасига иштиёқ уйғотиш учун шу кўримсиз марказга олиб келиб, китоблар билан танишишади. Ўқув залида китоб мутолаа қилишни ҳоҳлашади. Биз ҳам шинам, ёруғ хоналарда машғулот ўтказишни истаймиз. Мутасаддилар бизнинг масканимизга ташриф буюриб, шароитларимизни ўрганиб амалий ёрдам беришса...

Президентимизнинг 2018 йил 28 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида аксарият маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базаси замон талаблари ва халқаро стандартларга мос келмаслиги таъкидланган. Шунингдек, аҳоли, жумладан, ёшларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш, соҳага замонавий технологияларни жорий қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни маданий ҳаётда фаол иштирок этишини таъминлаш каби вазифалар белгилаб қўйилган.

Мазкур қарор эълон қилинганига ҳадемай бир йил бўлади. Унинг ижроси юзасидан мутасадди ташкилот раҳбарлари қачон мулоҳаза қилиб, амалий ҳаракатга киришишади?! Юқорида тилга олиб ўтилган камчиликлар вилоят марказида кўзга ташланиб турган муаммолардан “бир лавҳа” холос. Шаҳар, туманларга, чекка қишлоқлардаги қулф солинган клублар, эгасиз ётган бинолар, киришга юрак бетламайдиган ғариб ва вайрона маданият марказларига қачон ва кимлар мадад беради?!

photo5211042773690592263.jpg

Маъмура АБДУРАҲИМОВА,
Фарғона вилояти.

8 308
ЎзА