Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.12.2013 13:53 Чоп этиш версияси

Маҳаллаларда байрам шукуҳи

Шу кунларда мамлакатимизда Янги йил байрамини кўтаринки руҳда нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Байрам шодиёналарининг кўнгилдагидек ўтишини таъминлаш мақсадида тегишли давлат ташкилотлари билан бирга маҳаллалар фуқаролар йиғинлари томонидан ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Пойтахтимиз маҳаллаларида байрамни уюшқоқлик билан нишонлаш, кенг аҳоли иштирокида ўтадиган тадбирларни мазмунли ва мароқли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Байрам ўтадиган жойларда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жумладан, Ҳамза туманида тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан хонадонлар, таълим муассасалари ва маҳаллаларда байрамни тинч-осойишта, мазмунли ўтказиш юзасидан тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилмоқда. “Маҳалла обод – юрт обод”, “Ўз уйингни ўзинг асра”, “Тинчлик, осойишталик – бебаҳо неъмат” каби мавзуларда кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида ташкил этилаётган бундай тадбирларда олим ва мутахассислар, нуроний отахон ва онахонлар юртимиздаги тинчлик-хотиржамликнинг аҳамияти, уни асраб-авайлаш, ислоҳотларни янада ривожлантиришда навқирон авлоднинг зиммасидаги вазифалар ҳақида сўз юритмоқда.

Янги йил байрамини тинч ва осойишта ўтказишда пиротехника воситаларидан фойдаланишнинг олдини олиш муҳим вазифалардан. Бундай маҳсулотларни мамлакатимизга олиб кириш, сотиш ва фойдаланишнинг тақиқланиши самарасида кўплаб кўнгилсиз ҳодисаларнинг кескин камайишига эришилмоқда.

Туманда бу борадаги ишларни янада кучайтириш мақсадида маҳаллаларда оқсоқол, маслаҳатчилар, профилактика инспектори ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Бу жараёнда аҳолининг иштирокини кенгайтириш мақсадида маҳаллалар ҳудудида жамоат хавфсизлигини сақлаш бўйича махсус гуруҳлар тузилди. Маҳалла посбонлари, уй ва йўлак бошқарувчилари, фаол ёшлардан иборат бундай гуруҳларнинг вазифалари ўзи яшаётган ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, халқимизнинг ҳушёрлигини ошириш, байрамни кўнгилли ва мароқли ўтказишга кўмаклашишдир.

– Маҳаллаларимизда байрамни ўтказиш бўйича махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилгани, жамоат хавфсизлигини сақлаш бўйича гуруҳлар ташкил этилгани тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ҳамза туман бўлинмаси раиси Барот Саломов. – Шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим ва тиббиёт муассасалари вакиллари, фаол ёшлар иштирокида тузилган ана шундай жамоат тузилмалари маҳаллалар ҳудудида осойишталикни таъминлаш билан бирга, ҳудудимиздаги йирик бозорларда ва байрам ўтадиган жойларда ташкил этиладиган савдо ярмаркалари давомида жамоат тартибини сақлашда ҳам бизга яқиндан кўмак бермоқда.

“Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида тумандаги маҳаллаларда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Маҳаллаларнинг маъмурий бинолари ва гузарлари реконструкция қилинди. “Намунавий маҳалла” лойиҳаси доирасида ноқонуний қурилма ва гаражлар олиб ташланиб, ўрнида болалар ўйин майдончалари, автомобиллар қўйиладиган замонавий масканлар барпо этилди. Бобур номидаги маҳаллада амалга оширилган ана шундай лойиҳа натижасида йигирмадан зиёд болалар ўйин майдончаси барпо этилди. Элликдан зиёд кўп қаватли уйнинг кириш қисмига замонавий эшиклар ўрнатилди. Маҳалла гузарлари, маъмурий бинолар, боғлар ва бошқа иншоотлар замонавий кўринишга келтирилди.

Маҳаллалардаги арча байрамларининг ана шундай обод ва озода масканларда кенг аҳоли, жумладан, болалар, ёшлар иштирокида ўтказилиши барчага ўзгача завқ-шавқ бағишламоқда. Байрам кунлари ёлғиз қариялар, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига байрам совғалари улашиш, байрам дастурхони ташкил этишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Маҳаллада тинчлик-тотувлик, осойишталик муҳитини мустаҳкамлашда маҳалла посбони жамоат тузилмасининг ўрни беқиёсдир. Жамоатчилик асосида фаолият юритаётган посбонлар маҳаллада соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни кучайтириш, ёшларни турли иллатлардан ҳимоялаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фуқаролар йиғини раисининг фаол кўмакчисига айланди.

– Маҳалламиздаги мавжуд йигирма бир кўчада жамоатчилик асосида фаолият юритаётган посбонлар гуруҳи осойишталикни таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда, – дейди Катта Янгиобод маҳалласи раиси Комил Зиёмуҳаммедов. – Амалга оширилаётган бундай ишлар ёшлар тарбиясида кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фаоллигини ошириш, улар қалбида юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бундай ишларнинг натижалари фаол ёшларимиз сафи кенгайиб бораётгани, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинаётганида яққол намоён бўлмоқда. Соғлом бола йилида ҳам бу борадаги эзгу ишларни изчил давом эттириш, маҳалламизнинг навқирон авлод камолотидаги ўрнини янада юксалтириш асосий вазифаларимиздандир.


ЎзА, Баҳор Хидирова






Все о погоде - Pogoda.uz