Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 15:39 Чоп этиш версияси

Мақсадимиз – замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш

Президентимиз 2017 йил 3 август куни ижодкор зиёлилар вакиллари билан учрашувда тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида маданият, адабиёт ва санъат соҳасини, жумладан, тасвирий санъат йўналишини ривожлантириш борасидаги долзарб вазифаларни белгилаб, уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиб берди. Ўтган қисқа муддатда ана шу таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан 10 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Бу борада Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ҳам қатор тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда.

Маълумки, мазкур учрашувда Президентимиз Бадиий академия фаолиятига тўхталар экан, бу ерда 2003 йилдан буён сайлов ўтказилмаганини, ҳозирги вақтда академияда 10 та ҳақиқий аъзолик ўрни бўшаб қолгани ҳолда, нега янги сайлов ўтказилмаётганини тушуниш қийин, дея таъкидлаган эди. 2017 йилнинг 21 сентябрида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ҳақиқий аъзоликка сайлов ўтказилди. Унда иштирок этган 44 номзоддан 12 нафари сайланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида янги ҳақиқий аъзолар рўйхати тасдиқланди.

Ишларни янада фаоллаштириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида Бадиий академия томонидан ижодий уюшмалар, жумладан, бадиий ижодкорлар, композитор ва бастакор, ёзувчи, журналист, театр ва кино арбоблари уюшмалари билан ишлаб чиқилган аниқ режа асосида ўзаро ҳамкорлик алоқалари самарали йўлга қўйилди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида 2017 йилнинг 21 сентябрь куни илк маротаба Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида кўплаб санъат ва маданият уюшмалари билан ижодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда яқиндан ўзаро танишиш мақсадида “Сўз, оҳанг ва тасвир” мавзуида ижодий кеча ташкил этилди. Қувонарлиси, бундай ижодий кеча анъана тусини олиб, ҳудудларда ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Жумладан, шу йилнинг 17-21 апрель кунлари мамлакатимиз миқёсида анъанавий тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилди.

Замонамиз қаҳрамонлари образини яратиш, фаолиятини тарғиб этиш биз – ижод вакилларининг асосий вазифаларидан биридир. Бу борада Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ижодий режа ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ “Замон қаҳрамони: кеча ва бугун”, “Замонавий қаҳрамон образи” мавзуларида рангтасвир ва фотоасарлар, ҳайкалтарошлик йўналишларида ижодий танловлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, академия тасарруфидаги коллеж ва ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатларига республикамизнинг соҳага оид энг таниқли ижодкор зиёлилари бириктирилди. Эндиликда шу асосда бадиий таълимни самарали ташкил этиш, кўргазмали фаолиятни тўғри йўлга қўйиш, ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги “Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантириш ва янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам халқимизни тасвирий санъат намуналаридан баҳраманд этиш ва дизайн йўналишида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, юртимизда ўтказилаётган кўргазмаларнинг бадиий савиясини ошириш борасида муҳим вазифалар белгиланди.

Бугунги кунда юртимизнинг чекка ҳудудларида Бадиий академия тизим ташкилотлари ва таълим муассасалари ҳамкорлигида халқ рассомлари, усталари билан болалар, ёшлар ва уларнинг ота-оналари учун “Бунёдкор халқим билан мулоқот – ижодим илҳоми” мавзусида мастер-класслар ва ижодий учрашувлар ташкил этилмоқда. Унда ёшларга соҳага оид қизиқарли билимлар, тавсиялар берилмоқда.

Акмал Нуриддинов,
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси.

ЎзА
3 632