ЎзА Ўзбек

29.08.2018 15:50 Чоп этиш версияси

Мақсади аниқнинг йўли ойдин бўлади

Мақсади аниқнинг йўли ойдин бўлади

Бу шиор Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА етакчи муҳаррири Сайёра Шоеванинг эришган ютуқларида намоён.

Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танлови ғолиблари эълон қилинди. Ижоди рағбатлантирилганлар орасида ҳамкасабамиз С.Шоева ҳам бор.

Бу йилги кўрик-танловда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ижодий асарлар сараланди.

Сайёра Шоева «Самарқандга қанча балиқ керак?», «Дунёда ҳаракатсиз бой бўлган давлат ҳам, хонадон ҳам йўқ», «Ташлаб кетилган болалар ҳаётидан репортаж», «Нурафшон» шаҳар ҳокими Усмон Раҳимов: Самарқанд ва Бухородаги миллий шакллардан фойдаланамиз», «100 минг долларга баҳоланган Хон мактуби», «Ўқитувчи бой бўлса, олим кўпаяди, шифокор бойиса...», «Жамият эътиборидан четда қолаётган одамлар», «ЭКСКЛЮЗИВ: Араб шайхи Ўзбекистонга миллиардлаб доллар миқдорида сармоя киритмоқчи» каби ижтимоий-иқтисодий соҳадаги таҳлилий-танқидий мақолалари учун “Интернет журналистикаси” йўналишида 2-ўринни эгаллади.

Мазкур танлов Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Бадиий академия, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилди.

Танловнинг интернет журналистикаси йўналишига уч юзга яқин ижодий ишлар тақдим этилган.

Шунингдек, танловга топширилган ижодий ишлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунига мувофиқ яратилган, давлатимиз ва жамиятимиз қурилиши тизимини такомиллаштириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни ёритиб беришга хизмат қилган асарлар танлаб олинди.

Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА
4 634