Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.07.2018 20:52 Чоп этиш версияси

Мақсад – ёшларни иш билан таъминлаш

– Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташрифидан сўнг мавжуд камчиликлар, аниқланган муаммоларни кўриб ҳали олдимизда қилинадиган ишлар жуда кўп эканини англадим, – дейди Олмазор тумани «Қуёш» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуҳаким Қодиров.

Маҳалламизда 7741 нафар фуқаро истиқомат қилади. Сўнгги вақтларда фаоллар билан ҳамкорликда тўйлар, оилавий тантаналар, маракаларни ихчамлаштириш борасида турли тарғибот ишларига бел боғлаганмиз. ФҲДЁ органларига турмуш қуриш учун ариза билан мурожаат қилган ёшларимиз, уларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилмоқда. Чамалаб олганда, қариндош-уруғ, борди-келди қиладиган ошна-оғайни 50 та, нари борса 100 та чиқади. Аммо тўйга 500-600 одам айтишдан нима наф? Бунда тўйхона, ресторан эгасидан бошқа бирор инсон фойда кўрмайди.

Бир кунлик тўйни дабдабали ўтказиш учун банкдан катта миқдорда қарз олиб, ҳали уни тўлаб улгармай фарзандлари ажрашиб кетаётган ота-оналар, оилалар ҳам, афсуски, кўп учрайди. Дабдабабозликка қарши курашни сусайтирмаслик лозим.

Шукрки, яхши инсонлар кўп. Мана, саховатпеша тадбиркорларимиз ёрдами билан эски маҳалла гузари ўрнига янги 2 қаватли бино барпо этилди. Унда кутубхона учун ҳам жой ажратилди. Бу айни вақтда таътилда бўлган болажонларимизни роса қувонтирмоқда.

Маҳалламизда 34 ишсиз фуқаронинг 28 нафари иш билан таъминланди. Ёшларни иш билан таъминлаш келгусидаги асосий вазифамиз бўлиб қолаверади.

Инобат Аҳатова ёзиб олди

4 697