Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 19:39 Чоп этиш версияси

Мақсад – ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний камолотига хизмат қилиш

Мақсад – ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний камолотига хизмат қилиш “Ўзэкспомарказ”да “Китоб олами” I Халқаро ихтисослаштирилган, “Болалик дунёси” II Халқаро болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган маҳсулот ва хизматлар ҳамда “Спорт олами” VI ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркалари бўлиб ўтмоқда.

Мазкур кўргазмаларда олтмишга яқин маҳаллий ва хорижий корхона, ташкилот, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулот ва хизматлари билан қатнашиб, китоб маҳсулотлари, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган озиқ-овқат, кийим-кечак, турли ўйин жиҳозлари ва ўйинчоқлар, ўқув қўлланмалари ва қурол-аслаҳалар, спорт инвентарлари ва жиҳозлари, спорт кийимлари ва спорт озуқа маҳсулотлари намойиш этилмоқда.

Кўргазмаларнинг очилишида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л.Тангриев, "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар компанияси бошқарув раиси ўринбосари К.Зуфаров ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аввало инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида хизмат қилаётгани, бу жараёнда, айниқса, ёш авлоднинг маънавий ва жисмоний камолотини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

“Ўзэкспомарказ”да ўтказилаётган “Китоб олами”, “Болалик дунёси”, “Спорт олами” кўргазмалари ҳам ана шу эзгу мақсадларга йуналтирилган.

Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, уларнинг китобга бўлган қизиқишини янада юксалтириш, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

55.JPG

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши бу борадаги ишлар кўламини янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

“Китоб олами” I Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмаси кенг жамоатчиликни нашриёт соҳасидаги инновацион лойиҳалар ва янгиликлар билан яқиндан таништириш, ушбу соҳада фаолият юритаётган корхона ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши, тажриба алмашишига замин яратмоқда.

– Ҳаётимизга юксак техник ва технологик янгиликлар кириб келаётган даврда ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишини ошириш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди "Ўқитувчи" нашриёт-матбаа ижодий уйи бўлим бошлиғи Ғайрат Бозоров. – "Ўқитувчи" нашриёти томонидан бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китоблар, жаҳон адабиётининг сара намуналари ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини чоп этиш ва аҳолининг кенг қатламига етказиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Кўргазмада намойиш этилаётган "Uzbook" мобиль илова дастури кўргазма қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Мазкур илова саккиз юздан ортиқ турли жанр ва мавзулардаги бадиий, маърифий, тарихий, илмий китобларнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги электрон аудиоверсиясини ўз ичига олган. Иловани барча мобиль тизимларида юклаб, электрон тўлов хизматлари орқали сотиб олиш имкониятининг мавжудлиги ундан фойдаланиш жараёнини осонлаштирган.

– Юртимиз мобиль дастурчилари томонидан ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг июнь ойида ишга туширилган мазкур иловадан фойдаланувчилар аудиторияси тобора кенгайиб бормоқда, – дейди дастур лойиҳаси раҳбари Ойбек Исаев. – Аудиокитобларнинг афзаллиги – инсоннинг китоб мутолаасига кетадиган вақтини тежайди, ҳар қандай шароитда, бошқа ишлар билан банд ҳолда ҳам китобнинг аудиоверсиясини тинглаш имкониятини беради.

71.JPG

Болалар ва ўсмирлар орасида жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига кенг жалб килиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун етарлича шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада, замонавий спорт мажмуаларини барпо этиш, уларни зарур спорт инвентарлари ва жиҳозлари билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эгадир.

Президентимизнинг жорий йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий спорт комплексларини қуриш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, мазкур соҳада хусусий секторни ривожлантириш масаласи алоҳида белгилаб қўйилган.

“Спорт олами” VI ихтисослаштирилган кўргазмаси спорт инвентарлари ва жиҳозлари, спорт кийимлари ва спорт озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи компаниялар билан биргаликда бу соҳада илк қадамларини қўяётган янги корхоналарнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиш майдонига айланди.

Самарқанддаги “Стеклопластик” МЧЖ спорт инвентарлари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан ҳисобланади.

– Бугунги кунда корхонамизда 100 дан зиёд инвентарлар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди “Стеклопластик” МЧЖ директори Илҳом Халилов. – Корхонамиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, спорт федерациялари билан ҳамкорликда турли спорт мактаблари ва мажмуаларини инвентарлар билан таъминламоқда. Қолаверса, ҳудудларда “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларини ўтказишда ҳам бизнинг маҳсулотлардан кенг фойдаланилади. Бу йил сузиш федерацияси билан бирга ватерпол дарвозаси, старт тумбаси сингари янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Натижада, ушбу маҳсулотларни хориждан келтиришга кетадиган харажатларни қисқартиришга эришилди. Яқин келажакда эса маҳсулотларимизни экспорт қилишни йўлга қўямиз.

Ёш тадбиркор Сардор Раҳимов томонидан Turnik.uz бренди остида маҳаллий хомашёдан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар – болалар майдончалари, спорт майдонлари, уй, ҳовли, спорт мажмуалари учун мўлжалланган турли жиҳозлар аҳолининг, жумладан, ёшларнинг фаол жисмоний машқлар билан шуғулланишига кенг имконият яратади. Маҳсулотларнинг сифати хорижникидан қолишмайди, нархлари эса ҳамёнбоп. Айниқса, турник ва брусни ўз ичига олган ихчам жиҳозга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил этмоқда.

– Кўргазмада иштирок этишдан мақсадимиз – маҳсулотларимизни аҳолига яқиндан таништириш, спорт федерациялари, спорт мажмуалари, тренажёр заллари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишдир, – дейди С.Раҳимов. – Маҳсулотларимиз ихчамлиги, бир неча машғулотларга мўлжалланганлигини ҳисобга олган ҳолда улардан хонадонлар, кичик спорт майдончалари шароитида ҳам фойдаланиш мумкин.

“Ўзэкспомарказ” томонидан “Expo Position” МЧЖ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Болалик дунёси” II Халқаро болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган маҳсулот ва хизматлар кўргазмаси ҳам кўргазма иштирокчи ва меҳмонларида катта таассурот қолдирди.

– Кўргазмада болалар учун йиғилувчи мебеллар, аравачалар, дунёқараши ва билимларини оширишга хизмат қиладиган турли ўйин жиҳозлари билан иштирок этмоқдамиз, – дейди “Nika” компанияси тижорат директори Владимир Бегишев (Россия). – Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётгани биргаликдаги ишларимиз самарадорлигини таъминлаш учун қулай шароит яратмоқда.

2010 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “Polimer plastik” МЧЖ маҳаллий хомашёдан болалар ўйинчоқларини ишлаб чиқариш бўйича юртимизда ўз ўрнига эга корхоналардан бири. Мазкур корхонада бугунги кунда 50 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Ички бозорда ўз харидорларини топиб улгурган корхона маҳсулотларини экспорт қилишни ҳам йўлга қўймоқда.

– Маҳсулотларимиз хавфсизлик ва гигиеник талабларга тўла жавоб беради, – дейди корхона менежери Нодир Ҳошимов. – Бугунги кунда 270 хилдан ортиқ турли ўйинчоқни ишлаб чиқармоқдамиз. Жорий йилнинг охирига қадар яна йигирмадан зиёд янги турини ўзлаштиришни режалаштиряпмиз.

Кўргазмалар очилишида ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиш этилди. Кўргазмалар доирасида маҳсулотларнинг ярмаркаси ўтказилиб, шахмат, қиличбозлик, велоспорт сингари спорт турлари бўйича ёш истеъдодли спортчилар иштирокида кўргазмали чиқишлар уюштирилди.

Кўргазмалар 17 августга қадар давом этади.

Байрам Айтмуродов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
2 585






Все о погоде - Pogoda.uz