ЎзА Ўзбек

21.02.2018 16:15 Чоп этиш версияси

Мақсад фақат ахборот бериш эмас

Самарқандда “Давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вилоятдаги босма оммавий ахборот воситалари ва интернет нашрлар масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.

Халқаро пресс-клуб раҳбари Ш.Қудратхўжаев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ҳамда ҳудудий дастурларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, бу жараёндан аҳолини ўз вақтида хабардор этишда оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.

– Дастурлар асосида олиб борилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишдан маҳаллий ҳокимликлар ҳам манфаатдор, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари М.Ибодуллаев. – Бу аввало, белгиланган вазифалар ижроси жамоатчилик назоратида экани билан мутасаддилар масъулиятини оширса, иккинчидан, ҳокимият органлари фаолиятидан халқ хабардорлигини таъминлайди. Шунинг учун бугун Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган барча дастурлар, лойиҳалар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали маълумот бериб борилмоқда.

Давра суҳбатида жамиятда кечаётган янгилик ва ўзгаришларни тезкор ёритиш билан бирга, воқеа-ҳодисаларга одамлар муносабатини шакллантиришда оммавий ахборот воситалари сайтлари ва ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
8 934