Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.04.2018 15:33 Чоп этиш версияси

Мақсад – ерлардан самарали фойдаланиш

Бугунги кунда ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш нафақат халқаро ҳамжамият, балки ҳар бир давлат олдида турган муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳисоб-китобларга кўра, иқлим ўзгариши, эрозия ҳамда ер ости бойликларини қазиб олиш жараёнлари, саноат ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар оқибатида дунё бўйича йилига ўртача 6-7 миллион гектар майдондаги ерлар қишлоқ хўжалик айланмасидан сиқиб чиқарилмоқда.

Ер муаммоларига инсониятнинг эътиборини қаратиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси қарорига кўра, 22 апрель – Халқаро ер куни сифатида нишонланади. Ушбу сана муносабати билан пойтахтимизда “Ер ресурсларини барқарор бошқаришда инновацион технологияларни қўллаш” мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси А.Абдуллаев, парламент қуйи палатаси Спикерининг ўринбосари, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи раҳбари Б.Алихонов мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг институционал ва ҳуқуқий базаси яратилганлиги ва бу бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Жумладан, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар доирасида ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қишлоқ хўжалиги экин майдонларини мақбуллаштириш орқали пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация ва мелиорация объектларини ривожлантириш ишлари ўз самарасини бермоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ер фондининг умумий майдони 2017 йил 1 январь ҳолатига 44,9 миллион гектарни ташкил этади. Унинг 9,6 фоизи суғориладиган деҳқончилик, 1,7 фоизи лалми ерлар, 46,8 фоизи чўл ва ярим чўл яйловлар, 24,9 фоизи ўрмон фонди ерлари ҳисобланади.

Семинарда жойларда ерларни ноқонуний эгаллаб олиш, яроқсиз ҳолга келтириш, уларни ишлаб чиқариш чиқиндилари ва бошқа чиқиндилар билан ифлослантириш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди. Бу борада экологик тарғибот, таълим ва тарбия ишлари таъсирчанлигини ошириш зарурлиги айтилди.

Тадбирда мутахассислар ерлардан унумли фойдаланиш бўйича хориж тажрибаси хусусида ҳам сўз юритди. Қайд этилганидек, БМТ Тараққиёт дастури Глобал экологик жамғармаси ҳамда “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси мутахассислари мамлакатимиз иқлим шароитига мос келувчи Испания давлати тажрибасини ўрганган. Маълум бўлишича, Испанияда баҳор мавсумида ёмғир сувлари махсус сув омборларида йиғилар, йил давомида ерлар томчилатиб суғориш йўли билан суғорилар экан.

Ушбу тажрибани мамлакатимизда ҳам қўллаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Айни пайтда Жиззах вилоятининг Зомин туманида ушбу амалиётни қўллаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Семинарда мутахассисларнинг соҳага оид маърузалари тингланди. Ёш олимларнинг ушбу соҳада олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари намойиш этилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 415