Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.08.2017 19:30 Чоп этиш версияси

Мақсад – бир, ғоя – бир, Ватан – ягона

Фарғона вилояти туман ва шаҳарларида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимизда барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, миллий қадриятларини ўрганиши, ривожлантириши, келгуси авлодларга етказиши учун тенг шароит яратилгани жойларда миллатлараро ва динлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, уларда барчамиз учун ягона Ватан бўлган Ўзбекистонимиз тараққиётига дахлдорлик туйғусини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Вилоят марказидаги Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида ўтказилган тадбирда миллий маданий марказлар вакиллари, турли бадиий жамоалар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Фестивалда рус ва яҳудий миллий маданий марказлари қошидаги бадиий жамоаларнинг Ватан ва тинчликни мадҳ этувчи тароналари янгради. Айниқса, татар миллий маданий маркази қошидаги “Кубалягем” ансамбли ижросидаги чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

– Энг улуғ, энг азиз байрамимиз олдидан жойларда шундай тадбирлар ўтказиб, Ватан, мустақиллик, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи қўшиқларимизни тақдим этаяпмиз, – дейди “Кубалягем” ансамбли бадиий раҳбари Равия Курмашева. – Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу фестиваль миллатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик туйғуларини мустаҳкамлаш, ёш авлод онгига сингдиришда муҳим аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, кимдаки мақсад – бир, ғоя – бир, Ватан – ягона, деган туйғу бўлса, унинг қалбида юртга муҳаббат жўш уради.

Тошлоқ туманидаги 35-умумтаълим мактабида ўтказилган фестиваль ҳам юртдошларимизда бир олам таассурот қолдирди. Асосан қирғиз халқи истиқомат қилаётган бу ҳудудда аҳолининг фаровон ҳаёти, ёшларнинг эришаётган муваффақиятлари ана шу тинчлик ва дўстлик меваси экани алоҳида таъкидланди.

– Вилоятимизда 70 мингдан зиёд қирғиз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади, – дейди вилоят қирғиз миллий маданий маркази раиси Мушаррафхон Қўчқорова. – Улар турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилиб, барчамиз учун ягона бўлган Ўзбекистонимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда. Мана шундай сермазмун фестиваль ва тадбирлар Ёзёвон, Риштон, Ўзбекистон, Фарғона, Қўштепа туманлари ва Қувасой шаҳрида ҳам ўтказилди. Марказимиз қошидаги “Сулув қиз” ансамблининг миллий куй-қўшиқлари, ёшлар томонидан қирғиз маданиятига хос анъаналар тараннум этилаётгани шу юртдаги ҳар бир фуқарони янада ҳамжиҳат бўлиб яшашга, тинчликни асраб-авайлашга ундайди.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз” фестивали вилоятда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар иштирокида турли ҳудудларда давом этмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов,ЎзА
2 764






Все о погоде - Pogoda.uz