ЎзА Ўзбек

06.08.2018 15:46 Чоп этиш версияси

Мақсад – байрамни юқори кайфиятда ўтказиш

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамига ҳам саноқли кунлар қолди. “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остидаги бу қутлуғ байрам арафасида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ходимлари ҳам ҳушёрлик ва масъулият билан фаолият олиб бормоқда.

Президентнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори профилактик тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юртимизнинг чекка ҳудудларида байрам муносабати билан профилактика тадбирлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича қўшма рейдлар ўтказилаётир. Ҳайдовчилар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамай йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари учраб турибди.

Ўтган ҳафта автомобиль йўлларида жами 160 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Натижада ушбу ҳодисаларда 44 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 142 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳати олган.

Ҳафта давомида йўл-патруль хизмати инспекторлари томонидан жами 86 минг 171 қоидабузарлик аниқланган бўлиб, буларнинг 40 минг 362 тасини қўпол қоидабузарликлар ташкил этади. Жумладан, 1 минг 596 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган, 11 минг 916 нафар ҳайдовчи белгиланган тезлик талабларини бузган, 1 минг 168 нафар ҳайдовчи светофор ва чорраҳалардан ўтиш қоидасига амал қилмаган.

Транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойнанинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши кераклиги тўғрисида тушунтиришлар берилмоқда. Аммо шунга қарамай 679 нафар ҳайдовчи транспорт воситасининг ойналарини меъёридан ортиқча қорайтирган.

Бундан ташқари, ҳаракат вақтида телефондан фойдаланган 908 нафар ва хавфсизлик камарларини тақмасдан ҳаракатланган 15 минг 416 нафар ҳайдовчига нисбатан ҳам тегишли чоралар кўрилган.

– Мамлакатимиз аҳолиси йўл қоидаларига онгли равишда риоя қилса, кутилган натижаларга эришамиз, – дейди Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи, майор Акмал Юнусов. – Асосий мақсадимиз йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, мамлакатимиз фуқароларига байрамни юқори кайфиятда ўтказишда кўмаклашиш, энг муҳими, аҳоли хавфсизлигини таъминлашдан иборат.

Даврон Суннатов, ЎзА
5 784