ЎзА Ўзбек

24.08.2018 12:54 Чоп этиш версияси

Мақомга оид янги манба аниқланди

Мақомга оид янги манба аниқланди

Қўқон маданияти тарихи давлат музейи филиали – Қўқон адабиёт музейи илмий ходимлари томонидан мақом санъатига оид янги манба аниқланди.

Мақом санъати авлоддан-авлодга соф тарзда етказиб келинмоқда. Халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъати ўзининг қадимий тарихи, теран фалсафий илдизлари, бетакрор бадиий услуби ва бой ижодий анъаналари билан маънавий ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллайди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом саньатини янада ривожлантириш чора- тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши ҳам унинг нуфузини оширишга хизмат қилади.

– Адабиётшунослигимизнинг чорак асрлик ғалабасини намойиш қиладиган “Мустақиллигимиз даврида адабиётимиз” кўргазмасига экспонатлар танлаётган пайтда илм аҳлига номаълум бўлган янги манба аниқланди, – дейди Қўқон маданияти тарихи давлат музейи филиали – Қўқон адабиёт музейи илмий ходими Ҳ.Отажонов. – Сақланиш рақами 452 бўлган қўлёзма тўплам 1860 йилда Муҳаммад Абдулғофур ибн домла Холмуҳаммад томонидан китобат қилинган. Қўлёзма тўплам устоз Абдураҳмон Жомий, ҳазрат Алишер Навоий қаламига мансуб “Арбаин” (40 ҳадис) таржималари билан бошланиб, Бедил, Ҳофиз, Ҳозиқ, Ғозийнинг ғазал мухаммаслари ҳам киритилган. Тўпламдаги ҳикматлар Навоийнинг “Лисонут-тайр” девонидан олингани билан аҳамиятлидир.

Қўлёзма тўпламда академик Азиз Қаюмов аниқлаган Ҳозиқнинг Навоий ғазалига боғланган мухаммаси ҳам бор. Тўпламнинг 85-саҳифасида “Мақомат, илми мусиқа” деб сарлавҳа қўйилиб, мақом ҳақидаги ҳикоят, ривоятлар келтирилган. Рисола шеър билан бошланган. Сўнгра мақом айтиб ўтилган маълум манбаларни кўрганимизда ХV асрлардан бошлаб Абу Наср Форобий (“Китаб ул-мусиқа ал Кабир”), Ибн Сино (“Жавомеъ илм-ул-мусиқий”), Ибн Зайла (“Китоб ул-кафи фи ал – мусиқа”), Сафиуддин ал-Урмавий (“Китоб ул – адвор”), Зайнулобидин Ҳусайний (“Қонуни илми амали мусиқий”), Нажмиддин Кавкабий (“Дар баёний дуваздаҳ мақом”), Абдураҳмон Жомий (“Рисолаи мусиқий”), Дарвеш Али Чангий (“Туҳфат ус-сурур”), Абдурауф Фитрат (“Ўзбек классик мусиқаси ва унинг тарихи”) сингари алломалар асарларида мумтоз мусиқанинг назарий ва амалий асослари тадқиқ этиб келинганлигини кўрамиз.

Янги аниқланган рисолада ҳам мақомга мос байтлар келтирилган, улар асосан форсча бўлса-да, ўзбекча байтлар ҳам берилган. Топилмани мақомга қизиқувчилар учун қўлланма – дарслик сифатида ёзилган, дейиш мумкин. Бугунги кунда мумтоз мусиқанинг мазкур бетакрор намунасини ёшлар онгига сингдириш, мақомни тўғри талқин этиш кўникмасини шакллантириш долзарб вазифадир. Музей жамғармасидан аниқланган янги топилма мусиқашунослар, мақомчилар учун тарихдан янги саҳифалар очади.

М.Сулаймонов, ЎзА
6 370