ЎзА Ўзбек

21.08.2018 08:25 Чоп этиш версияси

Мақом – жаҳон мумтоз санъатининг қадимий илдизи

Мақом – жаҳон мумтоз санъатининг қадимий илдизи Жорий йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани бўлиб ўтади. Шу кунларда юртимизда мазкур нуфузли санъат анжуманига пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Ўзбекистон халқ ҳофизи, “Дўстлик” ордени соҳиби Ҳасан РАЖАБИЙ билан ЎзА мухбирининг суҳбати мақом санъатининг тарихи, ривожланиши, жаҳон мумтоз мусиқаси ривожидаги ўрни ҳақида бўлди.

– Мақом – ўзбек мумтоз мусиқаси дурдонаси дейилиши бежизэмас. Ушбу санъатнинг шаклланиш тарихи ҳақида нима дея оласиз?

– Мақом халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси. Ушбу санъат ривожланишнинг узоқ даврини босиб ўтган, кўплаб санъаткорлар, бастакорлар унинг тадрижий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган. Уларда инсон кечинмаларининг энг нозик оҳанглари жамланган. Шу сабаб мақомни ҳис қилиш, тушуниш учун маълум тайёргарлик зарур. Бунинг учун киши ёшликдан мусиқага меҳр қўйиши, руҳий камолотини айни шу жиҳат билан боғламоғи керак. Эски ўзбек ёзувини, араб ва форс тилларини ўрганиши даркор. Мақомни эшитиш уни тугал тушунишни англатмайди. Ижро йўлига келсак, у алоҳида санъат, алоҳида маданият.

Мақом ижрочилиги энг қадимий санъат турларидан. Унга IХ-Х асрларда Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатларида ижтимоий-маданий ҳаётга таъсир кўрсата олган жонбахш омил сифатида қаралган.

Ўзбек мақом санъати минг йиллик тарихга эга. Юртимиздаги “Шашмақом“, “Хоразм“, “Фарғона-Тошкент“ мақомлари куйнинг ўзига хос мавқеи ва ижрочилик йўли билан ажралиб туради. Унинг ривожланиши ва асрлар оша сайқал топишида давр, замон, ижтимоий воқелик муҳим унсур сифатида ўз таъсирини кўрсатган.

Юртимизда мақомчилик санъатининг тараққий этишида академик Юнус Ражабийнинг ҳиссаси катта. Хусусан, у кишининг интилишлари туфайли 1959 йили илк бор ўзбек тилида “Ўзбек халқ мусиқаси” номли олти жилдлик Шашмақом антологияси тузилди.

– Мақом турли халқларда турлича номланади. Уларнинг фарқли жиҳатлари, сизнингча нималарда кўринади?

– Мақом ўзбек ва тожик халқларида бир хил номда, Озарбайжонда – муғом, Эронда – нуғба, уйғурларда – муқом деб юритилади ва улар бир маънони англатади. Кўплар уларнинг илдизи бошқа-бошқа деб ўйлайди. Аслида мумтоз оҳангларимизнинг илдизи битта. Фақатгина айрим фарқлар ва ўзига хосликлар мавжуд. Чунончи, уйғур мақоми ижросида гўзал қочиримларга эътибор кучлироқ, тожик халқида мақом оҳанглари ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Форсий куй ва оҳанг ҳамоҳанглигини бошқа мақом такрорлай олмайди. Ўзбек мақоми сўзларидаги бой маъно барча замонларда эътироф этилган.

Туркий халқлар мақомида умумий жиҳат куй авжи ва тугалланишига алоҳида аҳамият қаратилишидир. Авж пардалари баландроқ, якуний қисм дилга хуш ёқувчи нафис ижро этилади.

Мақом жуда йирик туркум. У бошқа мусиқа асарларидан мукаммаллиги, куй ва шакл тизимларига эга экани билан фарқланади. Шунинг учун мақомни ижро этаётганда, аввало, мумтоз адабиётдан хабардор бўлиши зарур. Ижрочи мақом устида ишлаётганда бир сўзнинг маъносини тушунмадими, шу ғазални маромига етказиб куйлай олмайди, яъни шоир билан ҳофиз ўртасида девор пайдо бўлади. Мақом жуда катта илм. Мақомчилик ҳаваскор хонандаларнинг олди-қочди сўзлари, хатти-ҳаракатидан холи бўлмоғи керак.

Раҳматли отам айтар эди: “Мақомни тузатсанг – тузат, асло бузма”. Мақомни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Сўзни хато талаффуз қилиш, оҳангни, авжни нотўғри талқин қилиш халқнинг бой маънавий меросига хиёнат қилган билан баробар. “Кеча келгум” деб бошланувчи ғазал “Кеча келдим”шаклида ижро этилмаслиги керак. Бунда сўз билан ишлашга алоҳида аҳамият бермоқ лозим. Мақомда чиройлироқ ижро ярата олинсагина ўзгартириш киритиш мумкин.

– Мақом аждодларга ўтиб келаётган бой хазина. Сизнинг сулолангизда ҳам бу анъана сақлаб келинмоқда...

– Бизнинг бахтимиз санъатни, адабиётни қадрлайдиган Ражабийлар хонадонида таваллуд топганимизда, деб ўйлайман. Чунки бу хонадонда таваллуд топмаганимда мақомнинг сирли дунёсига кирмаган бўлардим. Ўзим тилшунос бўлсам-да, ўша давр тузуми бизга соҳадан тўла бохабар бўлишимизга имкон бермади. Аммо отамнинг билим ва сабоқлари туфайли сўзга меҳр қўйганман. Бадиий сўз жилоси уни оҳангга солиб ижро этишга иштиёқ пайдо қилган. Бундаги бор сир-синоатларни ўрганишга аҳд қилдим. Отамнинг изидан бориб, илмий изланишга қўл урдим. Яқинда 700 саҳифадан иборат “Ражабийнома” китобим нашрдан чиқди. Унда мақом санъати ҳақида тўплаганларим ва отам ҳақидаги хотираларимни жамлаганман.

Бугун фарзандларим, невараларим ҳам мақомга меҳр қўйган, бу борада кўплаб ютуқларга сазовор бўлган. Бундан беҳад мамнунман.

– Мамлакатимизда мақом санъатига қаратилаётган эътибор ҳақида қандай фикрдасиз?

– “Шашмақом” ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани халқимиз ҳаётидаги муҳим воқеалардан бири бўлган эди. Ўтган йил 17 ноябрда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши ана шу унутилмас воқеанинг давоми бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳар икки йилда Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши белгиланди. Бу биз санъаткорлар учун мақомни жаҳон узра тарғиб этишда улкан имкониятдир. Бу ишлар асрлар давомида халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган, қадимий тарихи, теран фалсафаси, бетакрор жозибаси билан инсониятга руҳий қувват бериб келган мақом барҳаёт яшашини англатади.

– Шаҳрисабз шаҳрида ўтадиган биринчи Халқаро мақом санъати анжуманидан нималар кутяпсиз? Бу тадбир мақом санъати юксалишида қандай аҳамият касб этади?

– Халқаро анжуманда кўплаб хорижий давлатлардан машҳур хонандалар, созанда-ю мақом билимдонлари иштирок этади. Ташкилотчилар орасида туркий мақом санъатидан бохабар кўплаб ижодкор дўстларим, шогирдларим фаолият олиб бормоқда. Халқ ҳофизи Маҳмуджон Тожибоев, Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиевалар билан тадбир доирасида ўтказиладиган “Мақом мусиқа санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги илмий-амалий конференцияга тайёргарлик кўрмоқдамиз. Бунда ўзбек мумтоз мақомининг аҳамиятли томонларига эътибор қаратяпмиз. Нуфузли тадбирда миллий мумтоз санъатимиз жозибаси намойиш этилади, маҳаллий ва хорижлик мусиқашунослар, олимлар, хонанда ва созандалар ўзаро фикр алмашади.

Тадбирда ғолиб бўлиш эмас, муносиб иштирок этиш муҳим. Бу каби танловлар дунё халқларининг мусиқий тафаккури, дунёқараши янада бойишига, маънавий меросга алоҳида меҳр қўйишига хизмат қилади.

Дилобар Маматова суҳбатлашди, ЎзА
7 064