ЎзА Ўзбек

07.09.2018 19:35 Чоп этиш версияси

Мақом санъати – умумий бойлигимиз

Мақом санъати – умумий бойлигимиз Шаҳрисабз шаҳрида Халқаро мақом санъати анжумани давом этмоқда. Унда дунёнинг 73 давлатидан санъатшунос олимлар, мутахассислар, хонанда ва созандалар, ҳукумат вакиллари иштирок этмоқда. ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди. 

1-Ozarbayjon.JPG

Абульфас ГАРАЕВ, Озарбайжон Республикаси маданият вазири:

– Аввало, катта мусиқий анжуманнинг очилиши юксак даражада ташкил этилгани билан табрикламоқчиман. Ўзбекистон бу каби халқаро мусиқий анжуманлар ўтказиш бўйича яхши тажрибага эга мамлакат. Бу байрамнинг Амир Темур туғилган юртда ўтказилиши ҳам тарихий, ҳам меъморий, ҳам мусиқий меросни жипслаштиришда ғоят катта ўрин тутади. Шу жиҳатдан мақом анжуманини ҳар томонлама қизиқарли ва халқлар ўртасида маданий мулоқотни кенгайтиришда жуда фойдали, деб ҳисоблайман.

Озарбайжон делегацияси анжуманда кўп сонли вакиллар билан қатнашмоқда. Улар орасида мусиқачилар, ҳайъат аъзолари, Озарбайжон миллий муғом санъатини таништириш учун олимлар ташриф буюрган. Бизнинг мамлакатда муғом ҳаёт тарзига айланган. Усиз маданиятимизни, тарихимизни тасаввур қила олмаймиз. Мазкур анжуман мақом ва бизнинг анъанавий ҳамда замонавий муғом йўналишидаги янгиликлар ҳақида ўзаро фикр алмашиш, халқларимиз ўртасидаги маданий муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муғом мамлакатларимизни дўстлаштирувчи, халқларимизни, маданиятимиз ва анъаналаримизни бирлаштирувчи кучдир.

Мен Президент Шавкат Мирзиёевга ушбу юксак даражадаги халқаро анжуманни ташкил этиш ташаббускори бўлгани ва гўзал Шаҳрисабзда бизнинг делегациямизга кўрсатилган катта эҳтиром учун чуқур миннатдорлик билдираман. Анжуман қатнашчиларига янги илмий-ижодий изланишлар ва гўзал мақомнинг мусиқавий ифодасини топишларида муваффақият тилайман. 

2-Tojikiston.JPG

Шамсиддин ЎРУМБЕКЗОДА, Тожикистон Республикаси маданият вазири:

– Мақом санъати тожик халқида ҳам эъзозланади. Мамлакатимиз раҳбари Эмомали Раҳмон, айниқса, бу санъатни жуда қадрлайди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида туб ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида миллий маданият, санъат, хусусан, мақом санъатини янада ривожлантириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратаётгани хорижлик санъаткорлар ва мутахассисларни ҳам хурсанд қилмоқда. Шаҳрисабзга келиб, мақом Ўзбекистонда жуда юксак эъзозланиши, унинг ривожи йўлида улкан ишлар бошлангани ва бу ўз самараларини кўрсатаётганига гувоҳ бўлдик.

Мақом – бутун дунёда эътироф этиладиган санъат. Шунинг учун ҳам ЮНЕСКО уни номоддий маданий мерос рўйхатига киритган. Биз тадбир доирасида “Шашмақом” ва “Шашмақом шарҳи” номли китобларни совға қилдик. Келажакда ушбу нуфузли анжуман бутун дунё миқёсида катта шуҳрат қозонишига тилакдошмиз. Ўзбекистон заминида ўтаётган ушбу анжуман қанча кўп ривожланса, бизнинг халқимиз ҳам шунча хурсанд бўлади. Чунки биз эту тирноқмиз. Биримизнинг ютуғимиз, иккинчимизники ҳамдир. Бинобарин, мақом санъати умумий миллий бойлигимиз ҳисобланади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
5 507