Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.09.2018 11:49 Чоп этиш версияси

Мақом садолари дунёга таралмоқда

Мақом садолари дунёга таралмоқда

Халқаро мақом санъати анжуманига меҳмон сифатида ташриф буюрган Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков мақом музейига ўзининг шахсий архивидаги чолғу асбоблари, китоблар, устоз ҳофизларнинг ашулалари ёзилган дискларни тақдим этди.

– Туғилиб ўсган юртимга келганимдан бағоятда хурсандман, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Изро Малаков. – Қанча буюк алломаларни улғайтирган бу замин бугун улкан байрам оғушида. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан кейинги пайтларда мақом санъатига қаратилаётган юксак эътибор сабаб мана шундай мақом санъати анжумани ташкил этилмоқда ва унда қатнашиш учун дунёнинг 70 дан зиёд давлатларидан уста ижодкорлар ташриф буюрган. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Бу буюк воқеа. Бундай эзгу ишлар бардавом бўлиши тилакдошиман. Шаҳрисабзда ташкил этилган мақом музейи залида кўп нарсаларни кўрдим. Ўтмиш хотираларим ёдга тушди. Бу музей янги ташкил этилган бўлишига қарамай унда мақомга алоқадор кўплаб манбалар жамланибди. Унинг экспонатлари йилдан йилга кўпайиб боришига ишонаман. Мен ҳам бу хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида 50 йил давомида йиғиб юрган мақом санъатига алоқадор ноёб материалларни музейга тақдим этганимдан бахтиёрман. Ўзбекистондан кетганимга 25 йил бўлди. Айни пайтда Америкада мақом йўналишида қарийб 100 дан ортиқ шогирдларим бор. Бугунги ажойиб анжуманга улардан 5 нафари иштирок этмоқда. Уюштираётган концертларимда улар мақомдан ашулалар айтмоқда. Тилагим битта, у ҳам бўлса, ўзбек миллий мақом санъати дунёга ёйилаверсин, Ўзбекистон гуллаб яшнасин.

Ў.Баротов, ЎзА