ЎзА Ўзбек

06.09.2018 15:14 Чоп этиш версияси

Мақом оламга тинчлик, одамларга ҳаловат, элларга биродарлик руҳини улашади

Мақом оламга тинчлик, одамларга ҳаловат, элларга биродарлик руҳини улашади

Мафтункор шаҳар Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманининг очилиш маросимига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. ЎзА мухбири мутахассисларнинг ушбу анжуман, мақом санъати, унинг фалсафий олами ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

Ўлмас РАСУЛОВ, 
Ўзбекистон халқ артисти:

– Мақом асрлар, вақтлараро бизгача безавол етиб келган санъатдир. Уни атрофга ризқ аталмиш неъматларни, гўзаллик каби сифатларни ва комилликка ишора қилгувчи улуғворликни ўзида акс эттирган маҳобатли тоғга қиёслаш мумкин.

Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжумани муносабати билан санъат ихлосмандлари жам бўлишган. Анжуман учун махсус безатилган, миллий анъаналаримизни ўзида акс эттириб турувчи майдон тадбирга ўзгача файз бахш этган. 70 дан зиёд давлатдан келган ҳамкасб ҳофизлар, мақом билимдонлари ўз зеҳни ва тафаккури билан мақомнинг юксалиши йўлида ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бугунги анжуман мақомни улуғлаган соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро каби улуғ зотларнинг буюк амаллари давоми сифатида намоён бўлмоқда.

Ҳаким САТТОРИЙ,
 темуршунос, фахрий журналист:

– Космосга учган одамлар эмас, инсонни кўкларга олиб чиққан халқлар буюкдир.

Мусиқашунос олим тилидан айтилган ушбу жумлада инсонни улуғликка етакловчи восита, “Шашмақом” кўзда тутилади. Зеро, унда фалакдаги жамики туйғу ва тушунчалар ифодаланган. Уни тинглаган ва ҳис қилган одам руҳий комиллик сари парвоз қилади. Шу боис асрлар силсиласида, ҳар давр ва маконда унга алоҳида эътибор билан қаралган.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам мақомни севиб тинглаган ва маромига етказиб ижро этган ҳофизларга алоҳида иззат-икром кўрсатган. Бу ҳақдаги маълумотлар ўз даврининг машҳур ҳофизларидан бири Абдуқодир Мароғийнинг эсдаликларида келтирилади.

Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур ҳаётида тақдир ажойиботлари” китобида ҳам Соҳибқирон томонидан мақом санъатининг улуғланиши билан боғлиқ воқеалар баён қилинади. Хусусан, Амир Темур суюкли невараларининг тўйи муносабати билан Самарқанд яқинидаги Конигил мавзесида катта тантана ўтказгани, унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган олимлар, давлат арбоблари, савдогар ва ҳунармандлар иштирок этган қайд этилади. Ушбу кечада мақом ижрочиларининг маҳоратидан лол қолган испаниялик элчи Руи Гонсалес де Клавихо ҳам бу ҳақда ўз кундаликларида маълумот ёзиб қолдирган.

Буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари, шунингдек, Султон Ҳусайн Бойқаро мақом шаклланиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшишган. Чунончи, Султон Ҳусайн саройида 200 кишидан иборат ҳофизлар ансамбли фаолият юритган. Улар турли байрам ва умумхалқ сайиллари муносабати билан халқ олдида чиқиш қилиб, хушкайфият улашган.

Сўлим ва яшил шаҳар Шаҳрисабзда ўтаётган Халқаро мақом санъати анжумани одамларга ана шунда кўтаринки руҳ улашмоқда. Миллий йўсинда безатилган майдон санъатнинг маҳобатини, қолаверса, ўтмиши ва келажагининг мутаносиб тарзда ривожланиш босқичига ишора ҳамдир.

Зариф ҚУВОНОВ, 
адабиётшунос:

– Ҳар гал мақомнинг нодир намуналарини тинглар эканман, ўзим учун янги маъно, бир сўз кашф этаман. Мумтоз поэтикамизда англолмаган сўз маъносини, маҳоратли ҳофизнинг ғазал ижроси орқали тушунаман. Мақом шундай ажойиботки, кишини ўзига мафтун этади, қалбларни жунбишга келтиради.

Алишер Навоий ҳаёт ташвишларидан толиққан кезларида даврининг машҳур ҳофизлари даврасига қўшилиб, улардан ғазалларни маҳорат билан ижро этиб беришларини сўрар, шу орқали ижодий фаолияти учун илҳом ва завқ топар экан.

Ҳа, мақом ана шундай фотиҳу султонлар, олиму уламолар учун маънавий қувват, илҳом бахш этиб, кишини комиллик сари етаклаган бир мўъжизадир.

Шаҳрисабзда янграётган мақом ҳам оламга тинчлик, одамларга ҳаловат, элларга биродарлик кайфиятини улашишда муносиб аҳамият касб этишига ишонаман.

ЎзА мухбири Дилобар Маматова ёзиб олди​
4 527