ЎзА Ўзбек

09.09.2018 09:49 Чоп этиш версияси

Мақом бизга бегона эмас

Мақом бизга бегона эмас Шаҳрисабз “яшил шаҳар” мазмунини англатади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома”да “...Баҳорлар саҳроси ва шаҳри ва боми ва томи хўб сабз бўлур учун Шаҳрисабз ҳам дерлар”, деб ёзган. Шаҳрисабз дунёга Соҳибқиронда Амир Темур ватани ҳамда унинг ҳукмронлигида илм-фан ва маданият марказига айлангани билан машҳур. 2000 йилда Шаҳрисабз шаҳридаги Темур ва темурийлар давридан сақланиб қолган меъморий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг халқаро маданий мерос рўйхатига киритилган.

Халқаро мақом санъати анжумани доирасида учрашувлар, концертлар, давра суҳбатлари, тақдимотлар, мақом санъати ижрочиларининг танлови ва халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда. Халқаро танловда мақом ижрочилиги бўйича фаолият олиб бораётган таниқли ҳофизлар, санъаткорлар ўзаро баҳслашмоқда.

ЎзА мухбири уларнинг айримлари билан суҳбатлашди. 

lamikan-Belgiya.jpg

Рубин Тененбом (Белгия), “Lamekan” ансамбли созандаси:

– Аввало мана шундай ажойиб фестивални ташкил этгани учун мамлакатингиз раҳбариятига миннатдорлик билдирамиз. Буюк жаҳонгир Амир Темур ва у дунёга келган Шаҳрисабз ҳақида кўп эшитганман. Сабаби санъатдаги йўналишимиз Шарқ халқлари миллий мусиқаларига ҳамоҳанг. Бугун жамоамиз билан турк усулида айтиладиган қўшиғимизни ижро этдик. Қўшиқ мусиқаси терма бўлиб, турли даврларда ижро этилган куйлардан олинган. Ўйлайманки, бизнинг ижроимиз мухлисларга маъқул келади.

Kawwali-guruhi-(Pokiston).jpg

Осиф Алихон (Покистон), “Qavvali” гуруҳи солисти:

– Покистоннинг каввали йўналиши ижросини ҳавола қилдик. Каввали – Жанубий Осиёда кенг тарқалган сўфийларнинг қадимий мусиқаси ҳисобланади. Бу йўналишдаги қўшиқлар “тухарминум” ва “табла” деб аталувчи мусиқа асбоблари билан ижро этилади. Бу йўналишдаги қўшиқларимиз билан кўплаб фестивалларда иштирок этганмиз ва фахрли ўринларни қўлга киритганмиз. Хусусан, Бельгияда 2012 йили ўтказилган мусиқа фестивалида ғолиб бўлганмиз. Юртингизда ўтаётган анжуманда ҳам муносиб иштирок этамиз, деган умиддамиз. Бундай кенг миқёсли анжуман халқларимизнинг маданий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлайди.

marina-Toshich-(Izroil).jpg

Марина Тиччир (Исроил), “The Jaffa maqam quartet” гуруҳи аъзоси:

– Халқаро анжуман илк маротаба ташкил этилганига қарамай, ҳамма жиҳатларга эътибор қаратилган. Айниқса, миллий анъаналарни акс эттириб турган композициялар бизда катта таассурот қолдирди. Аслида ўзбек мақомлари бизга нотаниш эмас. Боиси Исроилда бухоролик, самарқандлик яҳудийлар яшайди ва улар бухороча, фарғонача ва тожикча мақомларни доим яхши кўриб эшитишади.

Гуруҳимиз аъзоси Дмитрий ўзбекча мақомларни куйлай олади. Чунки у ёшлигидан шундай қўшиқларни тинглаб улғайган. Биз куйлайдиган қўшиқлар Ғарбда ва Шарқда яшовчи яҳудийлар мусиқалари асосида ташкил топган. Шу боиси концерт дастурига тақдим этган лойиҳамиз янги. Унда Ғарб ва Шарқ услубларини уйғунлаштирдик. Ўйлаймизки, фестивалдаги чиқишларимиз халққа манзур бўлади.

Ўлмас Баротов, ЎзА
5 722