ЎзА Ўзбек

31.07.2018 14:22 Чоп этиш версияси

Маҳдудликнинг минг бир ташвиши ёхуд кино кеча, бугун, эртага

Маҳдудликнинг минг бир ташвиши ёхуд кино кеча, бугун, эртага
Биламизки, ҳар қандай мақтовга арзигулик иш замирида минглаб инсонларнинг пешона тери, умри ётади. Унга узоқдан туриб турли муносабат билдириш мумкин. 

Истиқлол йилларида халқимиз онгу шуури, маънавий ҳаёт тарзи ҳамда дунёқарашида беқиёс ўзгаришлар рўй берганлиги барчамизга аён. Бу, ўз навбатида, санъат ва маданият соҳаларида ҳам буткул янгича қарашлар, эски замон талабларидан холи бўлган эркин ижодий муҳит юзага келишида асосий омил вазифасини бажарди. Ушбу соҳаларни ривожлантириш борасида ҳукуматимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада туб бурилиш ясаган амалий саъй-ҳаракатлардан биридир.

Ўтган йиллар давомида киноижодкорларнинг янги авлоди майдонга чиқди. Улар қисман бўлса-да, томошабинни яна кинотеатрга қайтара олди. Экранларимизда киши қалбини эзгуликка ундовчи, киномухлисни жиддий мушоҳада юритишга чорловчи санъат асарлари пайдо бўлди: “Иблис девори”, “Чавандоз”, “Сув ёқалаб”, “Дилхирож”, “Нотаниш полвон”, “Ўтов”, “Тоға”, “Ватан”, “Йўл бўлсин”, “Чашма”, “18-квадрат”, “Кичкина одамлар” каби фильмларни қайд этиш жоиз. Ўзбек кинофильмлари орасида нафақат юртимиз, балки хорижий мамлакатларда ҳам эътироф этилаётган асарлар мавжуд.

Филология фанлари номзоди, киношунос Маҳлиё МИРСОАТОВА билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди. 

– Кино борасида фикр айтиладиган, жиддий қарорлар қабул қилинадиган давр келганидан мамнунман, – дейди М.Мирсоатова. – Кино санъатида турфа тақдирлар ечими, миллат тарихи яққол акс этади. Шунинг учун ҳам кино саноатининг қадри баланддир. Бу ҳол бизда – мамлакатимизда оқсаётганди. Кадрлар масаласи ҳам деярли жар ёқасига келиб қолган эди. Кинопублицист, кинотанқидчилар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Пишиқ, пухта сценарийлар ёзадиганларнинг уни ўчгани рост. Бори ҳам Алининг қалпоғини Валига кийдириб эплаб келишаётганди. Кино – масхарабозлик қиладиган майдон эмас. Бу олиймақом санъат турини топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Президентнинг “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кино соҳасини муқаррар ҳалокатдан қутқарув бонги ва оқилона ечими, деб ҳисоблайман.

Бу мўъжизавий санъатнинг эстетик жиҳатини, гўзал моҳиятини инкор қилмаган ҳолда, кинематографияни саноатга боғлаб, унинг молиявий манфаатдорлик томонини биринчи ўринга қўювчилар йўқ эмас. Таниқли киношунос А.Мальро ўзининг “Кино руҳияти ҳақида очерклар” китобида шундай қайд этади: “Ким нима дейишидан қатъи назар, охир-оқибатда кинонинг саноат тури эканлигини тан олишга мажбурмиз. Хуллас, кино ҳақида баҳс-мунозаралар ҳали-ҳануз тўхтамаётгани ҳам бу санъатнинг, ниҳоятда, ўзига хослигидан бир дарак”.

– Қарор бўйича ишлар қилинса, бу тизимда оламшумул янгиликлар бўлади. Лекин “чаламулла”лардан воз кечиш пайти келмадимикан?! 

– Мен киношунос сифатида чиндан ҳам ҳозирги ҳолатга жоним ачиб, куйиниб кетяпман. Ўрни келди айтиш керак, мамлакатимиз кино санъати инқирозга учраётгани аччиқ ҳақиқат. Ўзимизни алдаб нима қилдик, дадил илмий мушоҳада эта оладиган ёш киношунослар авлодида узилиш кузатилмоқда. Бори ҳам қирқдан ошган олимлар. Жўра Тешабоев, Ханжара Абдулқосимова, Ҳамидулла Акбаров сингари умрини илмга бахшида қилган олимлар сингари янги авлод вакилларидан пичоққа илинадигани йўқ. Ўрта авлод сафида ҳам кадрлар сони саноқли. Очиғи, юртимизнинг нуфузли олийгоҳларида киношунослик бўйича илмий мактаб бўлмади. Бир-икки фидойи олимлар вазиятни ўзгартиришга қодир эмас. Қарорда мутахассислар тақчиллигига барҳам бериш, савиясини ошириш лозимлиги қайд этилган.

– Кино соҳасида “дид”нинг ҳаминқадарлиги жуда кўп таъкидланмоқда. 

– Очиғи, буни биров ёқламайди. Сўнгги йилларда яхши кино суратга олиши мумкин бўлган режиссёрлар ҳам “хонтахта” фильмлар оҳангжамасига берилишди. Бу ерда иқтисодий манфаат устун келгани аниқ. Кино санъатининг эътибордан бир муддат четда қолгани уддабурон тадбиркорларга қўл келди. Улар пул ишлаш учун бир марта кўришга-да арзимайдиган фильмларга ҳомийлик қила бошлади. Натижада томошабинларнинг савияси ўтмаслаша борди, афсуски, бу ҳозир ҳам давом этмоқда.

Кино тарихи юз йилдан ортиқ вақт мобайнида турлича ривожланиш босқичларини бошдан кечирди. Таниқли кинематографлардан бири П.Гринуэй шундай ёзади: “Ниманидир бошлаш учун унутмоқ ёки бутунлай йўқ қилмоқ зарур. Мен сизларга, модернчи (замонавий, янгиликпараст) бўлинглар, демоқчи эмасман. Мен бунга қаршиман. Лекин шуни тушунаманки, кинематографчи сифатида ниманидир кесиб ташлашим, кино оламида рўй берган даҳшатли ҳалокатни унутишим, у ҳақдаги ҳамма нарсани бутунлай ёддан чиқариб ташлашим керак. Шу пайтгача, кинода нима иш қилинган бўлса, буларнинг бари – фақатгина муқаддима, фақатгина бошланғич қисм. Ҳақиқий кинони яратиш учун шунча кўп бесамара ҳаракатлар қилинибди-я. Мен ўзимга мана шу фикрни сингдиришга уринаман”.

ЎзА мухбири Ғайрат Ширинов суҳбатлашди
4 527