ЎзА Ўзбек

25.09.2019 Чоп этиш версияси

Маҳаллийлаштириш дастури амалда

Маҳаллийлаштириш дастури амалда

Мамлакатимиздаги мавжуд хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш соҳасига замонавий технологияларни кенг жорий этган ҳолда импорт ўрнини босувчи ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш айни кундаги муҳим вазифалардан бири.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 17 сентябрь куни саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда Ўзбекистон саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турини кўпайтириш, ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кескин кенгайтириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Шу тартибда ҳар бир ҳудуд бўйича маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланиб, давлат харидларида маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш ва рағбатлантириш бўйича ҳам устувор вазифалар белгиланди.

Самарқандда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари” мавзусида ўтказилган семинар ҳам шу вазифалар ижросига бағишланди.

Унда вилоятдаги корхона ва ташкилот раҳбарлари, тижорат банклари, соҳага алоқадор мутахассислар иштирок этди. Самарқанд туманидаги “Stekloplastik” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган мазкур кўргазмали семинарда экспортга мўлжалланган ва импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллий хомашё ва минерал ресурслар негизида ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, ички тармоқ ва тармоқлараро, шу жумладан, кичик бизнес ва йирик корхоналар ўртасида саноат кооперациясини йўлга қўйиш ҳамда уни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, жорий йилда вилоятдаги 11 корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасида 25 дан ортиқ маҳсулот ўзлаштирилиши белгиланган. Мазкур семинарнинг айнан ушбу корхонада ўтказилгани ҳам бежиз эмас. Чунки бу ерда ишлаб чиқарилаётган импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг 90 фоизи маҳаллийлаштириш дастури асосида тайёрланмоқда. Тадбир иштирокчилари дастлаб корхонада маҳаллийлаштириш дастури асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ва компьютерлаштирилган ишлаб чиқариш жараёни ҳамда янги тайёрланаётган маҳсулотларнинг сифати, корхонада саноат кооперация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари билан танишди.

– Корхонамизда яқинда республикамиз ҳудудларида намунавий лойиҳа асосида барпо этилаётган турар жойлар қурилишида ишлатиладиган композит арматура ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, –дейди корхона бош конструктори Абдумалик Абдушукуров. – Инновацион усуллар орқали шиша-тола чиқиндилардан ишлаб чиқарилаётган ушбу материал оддий арматурадан бир неча баробар мустаҳкам, пишиқ, чидамли, шу билан бирга енгил ҳисобланади. Бу эса мамлакатимиз ички бозорини бундай турдаги маҳсулотга бўлган талабини тўла қондиришга асос бўлмоқда.

Яна бир янгилик, корхонада “Самарқанд автомобиль” заводи ва “JV MAN AUTO-UZBEKISTAN” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган автобус ва юк автомашиналари учун 80 турга яқин композит материаллардан ички ва ташқи қопламалар тайёрланмоқда. Уларнинг сифати жаҳон андозалари талабига тўла жавоб беради. Шу боисдан ҳам илгарилари импорт йўли билан олиб келинган мазкур қопламалар бугунги кунда маҳаллийлаштириш дастури асосида ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Кўргазмали семинарда Самарқанд вилоятида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари, импорт ҳажмини қисқартириш ҳамда маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди. Бу борадаги ҳаракатларни янада жадаллаштириш юзасидан аниқ чоралар белгиланди.

Семинар иштирокчилари “UZAVTO TRAILER” ва “JV MAN AUTO-UZBEKISTAN” қўшма корхоналари фаолияти билан ҳам танишди.

3 690
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, ЎзА