ЎзА Ўзбек

19.11.2019 Чоп этиш версияси

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун электрон майдон

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун электрон майдон

Аввал хабар қилганимиздек, пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ“ марказий кўргазмалар мажмуида Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирнинг иккинчи куни ҳам қизғин танишув ва ўзаро келишувларга бой бўлди.

photo5375150987284687878.jpg

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 1 майдаги “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига қаратилган ушбу тадбирнинг яна бир катта янгилиги – бу Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Электрон кооперация биржаси – www.cooperation.uz портали тақдимотидир.

Тақдимотда мазкур порталнинг иш жараёнлари ҳақида маълумот берилар экан, унинг афзалликларига эътибор қаратилди. Портални ташкил қилишдан мақсад эса юртимизда саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

photo5372894600445930432.jpg

– Вазирлик ҳузурида Электрон кооперация биржаси – www.cooperation.uz порталининг ишга туширилиши ишлаб чиқарувчилар ва буюртмачилар учун энг қулай электрон майдон бўлди, – деди Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация биржаси портали масъул ходими Фаррух Хўжамқулов. – Ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини шу портал орқали ҳеч қандай оворагарчиликсиз сотиш имкониятига эга бўлади. Буюртмачи танлаган маҳсулотига зарур тугмачани босиб, электрон буюртма беради. Ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўртасида электрон алоқа воситасида электрон шартнома вужудга келади. Айнан бу жараёнлар ҳаммаси дастур асосида пухта ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчи ва буюртмачи ўзининг таклиф ҳамда эътирозларини билдириши ҳам мумкин. Буюртма бериш компьютер ва телефон орқали амалга оширилади.

Ишлаб чиқарувчиларнинг порталдан рўйхатдан ўтиш жараёнларига ҳам тўхталсак. Масалан, ярмарка бошлангунга қадар 10 минг 800 корхона рўйхатдан ўтказилган бўлса, тадбир очилишидан то ҳозирга қадар (бир суткада) яна 648 корхона рўйхатга киритилиб, уларнинг жами сони 11 минг 448 тани ташкил этмоқда. Шунингдек, порталга қўйилган маҳсулот тури 9 мингни кўрсатган бўлса, айни чоғда унинг сони 11 минг 28 тадир. Бир кунда маҳсулотлар сони яна 2 мингга кўпайган. Тадбирга қадар 270 электрон шартнома шакллантирилган ва миқдори 44 миллиарддан зиёдни ташкил этган бўлса, ҳозир электрон шартноманинг сони 579 та бўлиб, пул миқдори 79 миллиард сўмни кўрсатмоқда.

photo5372894600445930433.jpg

Ярмарка доирасидаги тадбирларга қатнашиб, ушбу порталга аъзо бўлиш ва ундан рўйхатдан ўтиш жараёнлари билан танишишга муваффақ бўлдик. Хусусий тадбиркор Нилуфар Исоқова ҳам бизнинг кўз ўнгимизда рўйхатдан ўтди. У зарур тугмачаларни босди ва рўйхатдан ўтиб, 30 дан ортиқ маҳсулотни порталга жойлади.

– Бу ҳали ҳаммаси эмас, – деди у. – Яна маҳсулотларни порталга жойлайман. Мен Урганч шаҳридаги “Гулчеҳра Нилуфар люкс” хусусий корхонаси раҳбариман. Ўн беш нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда тиббиёт учун зарур бўлган сочиқ, халат, матрас каби зарур кийимлар тикилади. Ўзбекистон саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси тадбиркорлар учун катта имкон яратишига ишонаман.

1 386
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА