Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.04.2017 17:49 Чоп этиш версияси

Бектемир тумани Роҳат маҳалласида аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

Мамлакатимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маҳалла, оилаларга кириб бориб, тиббий маданиятни шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишлар самарасида фуқароларнинг тиббий маданияти, ўз саломатлигига эътибори ошиб бораётир.

Буни пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги Роҳат маҳалла фуқаролар йиғинида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва туман марказий кўп тармоқли поликлиникаси ҳамкорлигида ташкил этилган навбатдаги тиббий кўрик жараёнида ҳам кўриш мумкин.

"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди томонидан “Соғлом она – соғлом бола” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 1 августдаги "2014-2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фонднинг кўчма тиббий-ижтимоий ёрдам бригадалари маҳаллалар ва қишлоқларда бўлиб, аҳоли, айниқса, қизлар ва болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлом турмуш тарзи ва уни тўғри шакллантиришга доир маслаҳатлар бериб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда ташкил этилган ана шундай тадбирларда 54 минг 700 дан зиёд аҳоли тиббий кўрикка жалб этилди. 5 минг 600 дан зиёд оиланинг ижтимоий шароити, ундаги психологик муҳит ва болалар соғлиғи ўрганилди. Тиббий кўриклар билан бир қаторда “ОИТС”, “Гиёҳвандлик”, “Соғлом турмуш тарзи”, “Репродуктив саломатлик” каби мавзуларда давра суҳбатлари ўтказилаётир.

Роҳат маҳалласидаги навбатдаги хайрия тадбири жараёнида кекса отахон ва онахонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар ва болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, бепул витаминлар, дори-дармон ва гигиена воситалари тарқатилди. Шунингдек, ҳудуддаги умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар ўқувчилари орасида соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни тўғри шакллантиришга доир тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

– Маҳалламизда бўлиб ўтган тиббий кўрикда шифокорлар ўзим билан бирга икки фарзандимнинг ҳам саломатлигини текширувдан ўтказди, – дейди Наргиза Юнусова. – Замонавий ускуналар ёрдамида ўтказилган тиббий кўрикдан кўнглимиз тўлди. Малакали шифокорлар ва ушбу хайрли ишни ташкиллаштирган ташкилотчилардан миннатдормиз. Тиббий кўрик давомида фарзандларимизга бепул витаминлар ҳам берилганлиги бизни жуда қувонтирди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 863






Все о погоде - Pogoda.uz