ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг аҳолига мурожаати

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг аҳолига мурожаати

Ҳурматли юртдошлар, айни кунларда коронавирус инфекцияси бутун дунё аҳли саломатлигига жиддий хавф солиб, мамлакатимизда ҳам етарли хавотир уйғотмоқда.

Шу сабабдан давлат ва ҳукумат томонидан касаллик мамлакат бўйлаб кенг тарқалиб кетишининг олдини олишга қаратилган барча профилактик ва бошқа зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу йилнинг 18 март куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимизга мурожаат қилиб, “Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади. Бунинг учун, биринчи навбатда, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир”, деб ҳар биримизнинг ижтимоий масъулиятимизни таъкидлаб ўтдилар.

Муҳтарам ватандошлар, ушбу касалликка қарши кураш бўйича саъй-ҳаракатлар ва амалий ишлар муҳтарам Президентимиз умумий назорати остида ўтказилмоқда, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раҳбарлигидаги махсус комиссия томонидан қисқа муддатларда барча топшириқ ва кўрсатмалар кечаю кундуз бажарилмоқда.

Барчамиз шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиб, зарурият бўлмаса кўчага чиқмаслигимиз, ҳеч бир истисносиз ниқобда бўлишимиз, карантин билан боғлиқ вазиятни вазминлик ва тушуниш билан қабул қилишимиз, турли асоссиз ва саросима уйғотадиган ёлғон хабарларга ишонмаслигимиз лозим. Инфекциянинг кенг тарқалишига сабабчи бўлмайлик!

Қадрли фуқаролар, маҳалладошлар, соғлигингизни асраш учун тавсия этилаётган барча кўрсатмаларга тўлиқ амал қилишингиз, катта ҳаётий тажрибангиз орқали барчани огоҳликка чақиришингиз,аҳолининг ваҳимага тушмаслиги ва оғир-босиқлик билан ёндашиши йўлида ўз маслаҳатларингизни аямасликларингизни сўрар эдик.

Хонадонларимиз фаришталари – ота-оналаримиз, бобо-бувиларимиз, ёши улуғ қўни-қўшни ва маҳалладошларга ҳар қачонгидан-да кўра кўпроқ ғамхўрлик ва эътибор кўрсатайлик. Уларнинг аҳволидан доимий бохабар бўлайлик, талаб ва истакларини бажо келтириб, дуоларини олайлик! Айниқса, якка-ёлғиз, бева-бечоралар, эҳтиёжманд оилаларда яшовчиларнинг ош-овқат ва дори-дармонсиз қолиб кетмаслиги учун мурувват ҳамда саховат ёрдамларини кўрсатайлик!

Унутмайликки – кексалик ҳар биримиз борадиган умр палласи. Бугун биз томонимиздан нуроний кексаларга кўрсатилаётган эҳтиром ва ғамхўрлик, қўллаб-қувватлаш вақтлар ўтиб, фарзандларимиз, набираларимиз ва маҳалладошларимиздан албатта қайтажак.

Қадрли ватандошлар, халқимизда “ҳар ёмонда бир хайр бор” деган пурҳикмат нақл бор. Шундай экан, ёшлар учун ўқув машғулотлари тўхтатилганини қулай имконият деб билиб,карантин вақтида кўчага чиқмасдан, уйда китоб ва турли адабиётлар ўқиши, фанлар устида мустақил ишлашлари, онлайн дастурлар орқали хорижий тилларни ўзлаштиришига аҳамият қаратайлик!

Шунингдек, Сизлардан юртимиз бўйлаб коронавирус хавфининг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган хайрия тадбирларида имкон қадар иштирок этиш, муҳтож оилалар ва уларнинг фарзандлари учун қўлингиздан келган ёрдамни кўрсатишда фаол бўлишингизни сўраймиз.

Унутмайлик, коронавирус бутун дунё халқлари бошига келган бир синов. Биз, албатта, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, бир-биримизга кўмак кўрсатиб, юксак бурчдорлик ҳисси билан ушбу синовли кунлардан ҳам эсон-омон ўтиб оламиз.

Барчангизга фаровонлик, оилангизга хотиржамлик, масъулиятли ва шарафли ишларингизда омадлар, юртимизга тинчлик-омонлик тилаймиз!

872
ЎзA