ЎзА Ўзбек

14.08.2020 Чоп этиш версияси

Маҳалла тизимидаги ҳамкорлик ижобий самара бермоқда

Маҳалла тизимидаги ҳамкорлик ижобий самара бермоқда

Андижон вилояти Жалақудуқ туманида маҳаллаларда коронавирус инфекцияси юқиши, тарқалишининг олдини олиш борасида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашиш эҳтимоли белгиларини ўз вақтида аниқлаш ва касалланиш хавфини камайтириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ҳамда жамоат саломатлигини таъминлашнинг аҳоли хонадонлари даражасигача қамраб оладиган яхлит тизимини яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари қўшма қарори қабул қилинди.

Мазкур қўшма қарорда белгиланган вазифалар, қолаверса, маҳалла фаолиятининг турли йўналишларидаги ишларни самарали ташкил этиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларга ечим топиш механизмини шакллантириш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан услубий қўлланма, тавсиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу борадаги ишларни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича вазирлик мутахассислари жойларда маҳалла тизими вакиллари билан учрашув ва семинарлар ўтказиб услубий ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Ана шундай тадбирлар ҳафта давомида Хонобод шаҳри, Қўрғонтепа, Олтинкўл, Хўжаобод, Марҳамат туманларида бўлиб ўтди.

– Вазирлигимиз мутахассислари томонидан коронавирус инфекциясига чалинган ва уларнинг хонадонларида карантин тадбирларини самарали ташкил этиш бўйича махсус жадвал – инфографика ишлаб чиқилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бошлиғи Дилшода Мирзажонова. – Содда, барча учун тушунарли бўлган ушбу жадвалда жараёнда иштирок этадиган ҳар бир масъул, мутасадди шахснинг бажарадиган ишлари аниқ-равшан белгилаб қўйилган.

6 (2).JPG

Маҳалла раиси, унинг турли йўналишлар бўйича ўринбосар ва ёрдамчиларининг сектор раҳбарлари, тиббиёт тизими ходимлари, профилактика инспекторлари, ахоли, касалликка чалинган беморлар, уларнинг оилалари билан ишларни тизимли олиб бориши, ҳар куни онлайн мулоқотда бўлиши, ҳамкор ташкилотлар ўртасида доимий ахборот алмашуви йўлга қўйилиши албатта бу борадаги ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини янада оширади.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўўлаб-қувватлаш бошқармаси масъуллари, Жалақудуқ туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг ўринбосарлари, шифокорлар, профилактика инспекторлари иштирок этган семинарда мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила билан бевосита ва тизимли ишлаш масалалари юзасидан иштирокчиларга кенг тушунча ва тавсиялар берилди.

Тадбир қатнашчилари туманидаги “Бештол” маҳалласида маҳалла фуқаролар йиғини, қишлоқ врачлик пункти, профилактика инспекторлари ва бошқа мутасаддилар ҳамкорлигида олиб болрилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, уларнинг фаолиятига ижобий баҳо берди.

– “Бештол” маҳалласидаги 714 хонадонда 3 минг 200 нафардан зиёд аҳоли яшайди, – дейди “Бештол” қишлоқ врачлик пункти мудири Ёрқиной Ҳакимова. – Касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича ишларимизни маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, профилактика инспектори билан бевосита ҳамкорликда олиб борамиз. Шифокор ва патранаж ҳамширалармиз ҳар куни энг аввало, касалликка гумон қилинган, ўз хонадонида изолацияга олинган, тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланган, суринкали касалликлари бор фуқаролар ҳолидан хабар олади, аҳволини суриштиради. Зарур бўлса, тиббий ёрдам кўрсатади, тавсия ва маслаҳатлар беради. 

8 (2).JPG

Шунингдек, хасталик билан боғлиқ ҳолатлар, хориждан ёки карантиндан қайтган фуқаролар ҳақида ўзимиздаги мавжуд маълумотларни маҳаллага тақдим этамиз. Улардан янги маълумотларни оламиз. Шу тариқа ўзаро ахборот алмашиб борилади. Умуман, ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз ижобий натижалар бермоқда.

Семинарда мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасадди ва мутахассислар батафсил жавоб қайтарди.

Шу куни вазирликнинг бошқарма бошлиғи Дилшода Мирзажонова турли масалалар юзасидан мурожаат қилган бир гуруҳ аёллар билан учрашиб, суҳбат ўтказди. Уларни қийнаётган муаммоларни қонуний ҳал этиш бўйича мутасаддилар билан фикрлашиб олди. Туман марказида оғир ҳаётий вазиятга, руҳий инқирозга тушиб колган аёлларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган реаблитация маркази учун ажратилган янги бино билан танишди.

Семинар ва мулоқотлар коронавирус хасталиги юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартиблар ҳамда карантин қоидаларига тўла амал қилинган ҳолда ўтказилди.

3 163
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ, Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА