Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2017 17:14 Чоп этиш версияси

Маҳалла – тарбия ўчоғи, маънавият маскани

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада ривожлантириш, маҳалланинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мамлакат ва жамият равнақида маҳалланинг ролини оширишга хизмат қилмоқда.

Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

– Пойтахтимиздаги ҳар бир туманда маҳалла фуқаролар йиғини раисининг жамоатчилик асосида фаолият юритадиган ёшлар масалалари ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари сайловига доир семинарлар ўтказилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бош мутахассиси Наврўз Мусаев. – Жорий йилнинг 15 мартидан 1 апрелига қадар мавжуд 505 маҳалла фуқаролар йиғинида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган ёшлар масалалари ҳамда кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлар сайлови бўлиб ўтди.

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Тошкент шаҳар ҳудудий дастури ишлаб чиқилмоқда. 2018 йилнинг 1 декабрига қадар туманлар ва шаҳарларда “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар асосида барпо этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг ташкилий йиғилишлари барча туманларда ўтказилди.

Маҳаллаларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини кенгаши таркибига фуқаролар йиғини раисининг ўринбосарлари, ҳудуддаги профилактика инспекторлари, таълим муассасалари ва оилавий поликлиникалар раҳбарлари киритилди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни ушбу фармон мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини раиси Адҳам Зоҳидов. – Фармонни батафсил ўрганиб чиқиб, бу борада бажарадиган ишларимизни белгилаб олдик. Фуқароларимиз мазкур ҳужжатни мамнуният билан қабул қилди.

Фармонда маҳалланинг жойлардаги долзарб масалаларни самарали ҳал қилишдаги ролини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга қаратилган аниқ ва устувор вазифалар белгилаб берилган.

Юнус Ражабий номидаги маҳаллада жорий йилнинг 25 март куни Бозорбой Эшонов маҳалла раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари этиб сайланган. У ёши улуғ инсонлар яшаётган ҳар бир хонадон билан яқиндан танишиб чиқмоқда. Бозорбой ака куни кеча маҳалла нуронийларидан бири Тойир ота Аллашевдан хабар олди. Тойир ота ва бетоб қизининг кўнгли маҳалладошларининг эътибори ва ғамхўрлигидан тоғдек кўтарилди.

Ёшлар ишлари бўйича раис ўринбосари этиб сайланган Зилола Ҳасанбоева маҳалладаги ўғил-қизларнинг дарсга ўз вақтида қатнаётгани, уларнинг қизиқишлари ва оилалардаги муҳитни ўрганиб чиқмоқда. Маҳалла посбонлари билан ҳамкорликда дарсларга ўз вақтида қатнамаётган ўқувчилар билан тушунтириш ишлари олиб бормоқда. Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежи ва Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида таҳсил олаётган баъзи ўқувчиларнинг дарсларга вақтида бормаётгани аниқланди. Ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилди. Юзага келган вазият ва ёшларнинг қизиқишлари ўрганилди. Ўқувчиларнинг инглиз тили ва спортнинг теннис турларига иштиёқи борлиги аниқланиб, маҳалла фаоллари кўмагида улар тўгаракларга жалб қилинди.

Маҳалла ҳудудида битта умумтаълим мактаби ва учта мактабгача таълим муассасаси жойлашган. Ушбу масканлар билан доимий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда иш олиб борилганлиги яхши натижалар бераётир. Маҳалла фуқаролар йиғини кўмагида ҳудуддаги 323-мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Маҳаллада аҳолини иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир. Халқ банки, “Ипотека” банклари билан ҳамкорликда аҳолининг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини ошириш, бунинг учун банкдан кредит олишнинг тартиб-тамойиллари тушунтирилди. Жорий йилда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган қирқдан зиёд фуқарога имтиёзли кредит олишга кўмаклашилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан Юнус Ражабий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинига учта компьютер жамланмаси ва мебеллар берилди.

Мухтасар айтганда, юқорида номи келтириб ўтилган фармон ижросини таъминлаш мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалланинг ҳақиқий маънода маънавият ва тарбия масканига айланишига хизмат қилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 755






Все о погоде - Pogoda.uz