Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 12:00 Чоп этиш версияси

Сурхондарёда маҳалла раислари металлом йиғишга мажбурланган

Термизда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сурхондарё вилояти кенгаши бошқарувининг 2017 йил фаолияти якунлари ва 2018 йилдаги устувор вазифалари ижросига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Вилоятда 717 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Ўзини ўзи бошқариш органларининг халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажариши учун барча шароит яратилган. 

Вилоятда умумий жиноятлар 2016 йилга нисбатан 966 тага камайиб, 127 маҳалла фуқаролар йиғинида умуман жиноят содир этилмаган. Бироқ, 58 маҳалла фуқаролар йиғинида 10 дан ортиқ жиноят юз берган. 

Чуқур танқид ва таҳлил асосида ўтган йиғилишда ўзини ўзи бошқариш органларида йўл қўйилаётган камчиликлар ва мавжуд муаммолар ҳам атрофлича таҳлил қилиниб, мутасаддилар ҳисоботи тингланди. Жумладан, 58 маҳалла фуқаролар йиғинида вакант вазифалар мавжуд. 150 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғини ўзининг биносига эга эмас. Сариосиё, Қумқўрғон, Олтинсой, Термиз каби туманларда ўзини ўзи бошқариш органларини бино билан таъминлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Қизириқ туманида маҳалла фуқаролар йиғини раислари металлолом йиғишга жалб этилгани ёки "Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини биноси "ноль" харид қийматида тадбиркорларга хусусийлаштириб берилганини қандай изоҳлаш мумкин? Шунингдек, айрим маҳаллаларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва мебель жиҳозлари билан таъминлаш ҳам эътибордан четда қолган. 

Йиғилишда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгашининг 2018 йилдаги режалари белгилаб олинди. Йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
3 033