ЎзА Ўзбек

12.08.2019 Чоп этиш версияси

Маҳалла раислари маҳкумлар ҳузурида

Маҳалла раислари маҳкумлар ҳузурида

“Маҳалланинг меҳри” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридан бир гуруҳ маҳалла раислари вилоятдаги муассасаларда жазо муддатини ўтаётган фуқаролар ҳолидан хабар олиш мақсадида Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.

Муассаса дарвозасидан кирар экансан, озодликда ўтаётган ҳар бир кунингга шукрона келтирасан. Ҳаёт йўлларида билиб-билмай тақдирнинг шум қисматини ўзига раво кўрган навқирон кўзларда бугун пушаймонлик, афсусланиш туйғуси ҳукмрон. Улар маҳалласи ҳаётидан, оила аъзолари ҳолидан, дўстлари, ёру биродарларидан илиқ хабар келтирган маҳалладошларини кўриб қувонди.

– Бу ерга тушиб қолишдек қисматни ҳеч кимнинг бошига солмасин, –дейди Тошкент шаҳри Учтепа тумани Қозигузар маҳалласи раиси Мухтабар Умархўжаева. – Уларнинг оналари қалбидан ўтаётган туйғуларни ўйлаб, юрагим эзилди. Бизнинг маҳалламиздан ҳам бир йигит йўлидан адашиб, шу ерга тушиб қолди. Бу ёққа келишдан олдин оиласи аъзолари билан учрашдим. Улардан ҳол-аҳвол сўрадим. Бугун уларнинг саломини етказдим. Панд-насиҳат қилдим.

Инсон борки, хато қилади. Қилган айбига яраша жазо тайин. Лекин бундан ҳамма ҳам тўғри хулоса чиқаради, деб бўлмайди. Аслида мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам шу. Умрининг энг гуллаган дамларини панжара ортида ўтказаётган фуқароларни соғлом ҳаётга, оиласи бағрига қайтаришдир.

Адашган бир инсонни тўғри йўлга бошқариш, унга кўмак бериш, йиқилганда турғизиб қўйиш, бутун маҳалла бирлашиб унинг дардига шерик бўлиш халқимизга хос эзгу фазилат. “Маҳалланинг меҳри” лойиҳаси доирасида жойларда олиб борилаётган мулоқотлар бунинг яққол исботи.

Маҳалла раисларининг вилоятдаги жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳкумлар билан учрашувлари бир нечта муассасаларда давом этди.

– Кейинги йилларда юртимизда қанчадан-қанча бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласи раиси Раҳимжон Солиев. – Бўлаётган ўзгаришларни кўриб, ҳаммамизнинг ҳам дунёқарашимиз ўзгарди. Шу нуқтаи назардан бу ердаги болаларимга, укаларимга оқ йўл тилаган ҳолда, муддатни ўтаб, ёнимизга, сафимизга қайтишларини тилайман.

Кейинги йилларда ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолияти такомиллаштирилаётгани жойларда маҳалла институти ваколатлари кенгайишига хизмат қилмоқда. Шу боис маҳаллаларда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоатчилик назорати кучайтирилди. Натижада ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар кескин камайишига эришилмоқда. “Маҳалланинг меҳри” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар замирида ҳам мана шундай эзгу мақсад мужассам. Ўз маҳалласи раисининг учрашувга келиши, оиласидан, қариндош-уруғларидан илиқ хабарлар келтириши озодликдан маҳрум бўлиб, ҳаётга, яшашга қизиқиши пасайган, умидлари сўнган маҳкумлар қалбида ҳам илиқлик уйғотди. Маҳбуслар ташкил этилган бу мулоқотдан тўғри хулоса чиқариб, келажак режалари ҳақида суҳбатлашди.

– Бугун маҳалла раислари муассасамизга келиб, ҳолимиздан хабар олганидан қувондик, – дейди маҳбус Қодир Иноятов. – Оила аъзоларим, фарзандларим, қавму қариндошларим, маҳалламиздаги ўзгаришлар ҳақида гапириб беришганда, очиғи, улар олдида жуда хижолат бўлдим. Юртимиздаги ўзгаришларга, бунёдкорлик ишларига ҳиссамни қўша олмаётганимдан ўксиндим. Йўлимдан адашиб, мана шу иллат домига тушиб қолдим. Лекин бу ерда ўтказган умрим давомида кўзим очилди, хато қилганимни англадим. Қилмишимдан пушаймонман. Давлатимиз раҳбаридан авф сўраб, хатлар ёздим. Насиб этса, озодликка чиқсам, тадбиркорлик қилиб, элим, юртимнинг корига ярашни мақсад қилганман.

Мулоқотлар давомида иштирокчилар маҳбусларнинг яшаш шароитлари билан ҳам яқиндан танишди.

6 845
Ў.БАРОТОВ, ЎзА