Маҳалла раисини ҳақорат қилган депутат қамалди
Депутат халқ вакили ва яқин маслакдошидир.
Депутат халқ вакили ва яқин маслакдошидир. У ишончни масъулият билиб, одамлар дардини тинглаши, муаммоларию ташвишларини ҳал этиши лозим.
Албатта, маҳаллий кенгашлар депутатлари орасида фидоийлик билан фаолият олиб бораётганлари ҳам кўп. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, нафақат ўзини, балки бошқа шахсларни ҳурмат қилмасдан, безорилик ҳаракатларини содир этадиган депутат мандатидаги шахслар ҳам учраб туради.
Фарғона вилояти Тошлоқ тумани маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) билан М.Зокировага, 40-моддаси (туҳмат) ва 41-моддаси (ҳақорат қилиш) билан А.Тошматовга ҳамда 41-моддаси (ҳақорат қилиш) билан О.Ҳайдаровага нисбатан юритилган маъмурий иш кўриб чиқилди. Афсуски, уларнинг орасида маҳаллий кенгаш депутати ҳам бор. А.Тошматов айни пайтда халқ депутатлари Тошлоқ туман кенгашининг депутати ҳамда «Тошлоқ деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти раҳбари.
Иш ҳолатига кўра, тумандаги «Хўжаариқ» маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Зокирова жорий йил 24 март куни йиғин маъмурий биноси олдида савдо қилиб ўтирган О.Ҳайдаровани маҳалла биносига кириш эшигини сотувдаги буюмлари билан тўсиб қўйганидан ғазабланган. Уни кийим-кечакларини тепиб ташлаб, уятли сўзлар билан сўкиниб, бақир-чақир қилиб фуқароларни тинчлиги ва осойишталигини бузиб майда безорилик қилган.
Шундан сўнг, воқеа жойига бозор раҳбари А.Тошматов етиб келиб М.Зокирова билан жанжаллашиб кетади. Бир-бирларини уятли сўзлар билан сўкишиб, ўша ердаги бошқа фуқароларни тинчлиги ва осойишталигини бузган. Хусусан, жанжал давомида А.Тошматов жамиятда белгиланган юриш-туриш қоидаларидан четга чиқиб ва жамоат тартибини менсимасдан, бошқа фуқароларни олдида М.Зокировани «халқ душмани» деб ҳақорат қилган. Гўёки, ким, қаерда, қандай савдо қилишини ўзи белгилаб беришини маълум қилиб, савдо ишларини давом эттиришни уқтирган.
Бундан ташқари, А.Тошматов жанжал давомида М.Зокировага муқаддам тол дарахтини кестириб юбориб, жавобгар бўлишида гўёки пора бериб қутулгани ҳақида гапириб, унга туҳмат қилган.
– Суд иш ҳолатларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, барча тарафларнинг ҳаракатларига баҳо берди, – дейди Тошлоқ туман маъмурий суди раиси Аброрхон Акрамов. – А.Тошматовнинг хатти-ҳаракатлари М.Зокированинг шахсига эмас, балки жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидалар, давлат органлари ва фуқароларни ўз-ўзини бошқариш органларининг нормал иш фаолиятига қарши қаратилиб, безорилик ҳиссиётлари замирида содир этилган деб ҳисоблаб, уни ҳаракатларини ҳақорат қилиш эмас, балки безорилик деб баҳолади. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддаси ва 183-моддалари билан узил кесил ўташлик учун маъмурий қамоқ жазосини тайинлади.
Шу билан бир қаторда суд маъмурий ишнинг бошқа иштирокчилари ҳаракатларига ҳам қонуний баҳо бериб, тегишли тартибда жазо ва бошқа чораларни қўллади.
А.Тошматов М.Зокировани «халқ душмани» деб сўкканлиги ҳолатини ушбу сўз билан боғлиқ ўзбек халқи тарихида аянчли кунлар бўлиб ўтгани ва бу каби жумлалар билан инсонни ҳақоратлаш йўл қўйиб бўлмас ҳолат эканлигига алоҳида эътибор қаратиб, танқидий баҳолади.
Албатта, бу каби ҳолатлар бошқаларга сабоқ бўлиши лозим. Халқ ишонч билдириб сайлаган депутат бошқаларга ҳар доимо ўрнак кўрсатиши керак. Шахс ким бўлишидан қатъий назар қонун олдида тенг ва қилмишига яраша жавобгарликка тортилади. Зеро, қонун устувор жамиятда адолат қарор топади.