ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Маҳалла раиси аҳолига бепул тиббий ниқоб тарқатди

Маҳалла раиси аҳолига бепул тиббий ниқоб тарқатди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулинар Утемуратова ҳудуд аҳолисига бепул 1000 дона тиббий ниқоб тарқатди.

–Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги коронавирус муаммоси бўйича халқимизга мурожаати доирасида аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда, – дейди маҳалла раиси Гулинар Утемуратова. – Айниқса, барча кўнгилочар объектлар, оммавий тадбирлар, таълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилоти фаолияти вақтинчалик тўхтатилган бир пайтда ҳудуд аҳолисига зарурлиги бўлмаса уйдан чиқмасдан, оилада қолишини тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларига ҳудудимиздаги тадбиркорларни жалб қилган ҳолда хайрия акцияси ўтказилмоқда. Жумладан, “Тўмарис” тикувчилик цехининг раҳбари Зухра Дауимова ушбу ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, 1000 дона тиббий ниқоб тайёрлаб берди. Ушбу ниқоблар биринчи навбатда ногиронлиги бўлган шахсларларга, кам таъминланган оила аъзоларига, кексаларга тарқатилди. Бундан ташқари, тадбиркорларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари, санитария-тиббий воситалардан ва бошқа йўналишда моддий ёрдам кўрсатиш истагини билдирмоқда. Албатта, мана шундай ташаббуслар билан қийинчиликларни енгиб ўтамиз.

–Кўзи ожизлар учун берилган ушбу тўрт қаватли турар жойда 45 та оила истиқомат қилади, – дейди Қадирбай Сапарниязов.– Бундай синовли кунларда бизларни қўллаб-қувватлаётган маҳалла раисига, саховатли тадбиркорларга миннатдорлик билдирамиз.

Ҳудудда бундай хайрия тадбирлари давом этмоқда.

850
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА