ЎзА Ўзбек

05.07.2018 21:02 Чоп этиш версияси

Маҳалла посбонлари велосипед ва хизмат кийимлари билан таъминланди

Маҳалла посбонлари велосипед ва хизмат кийимлари билан таъминланди
Жиззах шаҳрида "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси фаолияти самарадорлигини янада ошириш, уларга зарур шароитлар яратиш масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Ички ишлар бўлими бошлиқларининг, маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман, шаҳар кенгашлари раисларининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда шаҳардаги “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарларига хизмат кийими, велосипед, фонарь ҳамда хизмат телефонлари топширилди. 

– Маҳалла тинч – мамлакат тинч, деган гап бежиз айтилмаган, – дейди “Боғишамол” МФЙ “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари Сайфиддин Неъматов. – Велосипед, иш кийими, хизмат телефони, фонарь берилгани ҳудудимизда осойишталикни сақлашдаги фаолиятимизни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бу қулайликдан фойдаланиб, шаҳримизни “Хавфсиз ҳудуд”га айлантиришга ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. 

Маҳаллалар фаолиятини ўрганиш бўйича жамоатчилик комиссияси хулосасига кўра, “Энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг фаол маҳалла профилактика инспектори”, “Энг фаол маҳалла посбони жамоатчилик тузилмаси раҳбари”, “Энг фаол маҳалла масъул котиби”, “Энг фаол жамоатчилик аъзоси”, “Энг фаол ёшлар ишлари бўйича ўринбосар”, “Энг фаол хотин-қизлар мутахассиси” номинациялари бўйича ғолиб деб топилган маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир доирасида фуқароларнинг ўзини ўзини бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши томонидан шаҳардаги “Раваллиқ”, “Наврўз”, “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинларига компьютер жамланмалари берилди.

Т.Бекназаров, ЎзА 

Жамшид Ёрбеков олган суратлар
10 437